Самарқандлик шифокорлар қалқонсимон без касалликларида учрайдиган илк жарроҳлик амалиётини ўтказди
Вилоят эндокринология диспансерида учта янги - эндокрин жарроҳлик, интенсив даволаш ва реанимация ҳамда болалар эндокринологияси бўлимлари иш бошлаганига ҳали кўп бўлмаган бўлса-да, шифокорлар беморларда илк жарроҳлик амалиётини ўтказишга қарор қилди.
Диспансерга оғир қалқонсимон без касалликлари билан мурожаат қилган икки нафар беморда олиб борилган жарроҳлик амалиётлари А.Қодиров, У.Тешаев, Ё.Ражабов ҳамда А.Дўстмуродов каби тажрибали шифокорлар томонидан муваффақиятли амалга оширилди.
- Шу пайтгача бу каби жарроҳлик амалиётига муҳтож беморларни Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказига юборишга мажбур бўлардик, - дейди диспансер бош шифокори Гулзода Негматова. - Янги бўлимлар ишга тушгач, беморларни шу ернинг ўзида жарроҳлик йўли билан даволаб, оиласи бағрига қайтариш имконияти пайдо бўлди. Яъни, бу бўлимларга хорижда малака ошириб келган шифокорларни жалб этдик. Энди беморларимизнинг Тошкентга бориб даволанишлари, узоқ йўл босишларига ҳожат қолмади.
Жарроҳлик амалиётларимиздан сўнг беморларнинг аҳволи яхши. Улар орттирган жароҳатларидан фориғ бўлишмоқда.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.