Санитария-эпидемиология назорат давлат инспекциясининг ноқонуний жаримаси бекор қилинди

Халқимиз бошига синовли кунлар тушиб турган бир пайтда ҳар бир давлат хизматчиси ўз вазифасини қонуний ва виждонан бажариши лозим. Бироқ ҳамма жойда ҳам шундай бўлаяптими? Афсуски, бу саволга “ҳа”, деб жавоб бериш қийин.

Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими томонидан ўрганилган шаҳардаги Алишер Навоий кўчаси, 6-уйда яшовчи фуқаро А.Мамадиевнинг санитария-эпидемиология назорат давлат инспекцияси ходимлари томонидан ўзига нисбатан қўлланилган маъмурий жаримадан норозилиги тўғрисидаги мурожаатини ўрганиш натижалари бунга мисол бўла олади. А.Мамадиевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси, 2-қисмига асосан баъзавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари миқдорида жарима солиш тўғрисида қарор чиқарилган.

Бироқ маъмурий ҳуқубузарлик тўғрисидаги иш материалларини ўрганишда бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди. Жумладан, 2020 йил 24 апрелда санитария эпидемиология назорат давлат инспекцияси Каттақўрғон шаҳар филиали ходими Д.Амонова томонидан расмийлаштирилган далолатномада А.Мамадиев “Санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуннинг 30, 32-моддалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори талаблари бузилганлиги кўрсатилган.

Аммо баённомада ҳайдовчи неча нафар фуқарони автомашинасига миндириб юрганлиги, Вазирлар Маҳкамасининг қайд қилинган қарорининг қайси банди ёки қайси мажбурий талаблари бузилганлиги кўрсатилмаган. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг қарорида туман (шаҳар)ларда транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш билан боғлиқ нормалар назарда тутилмаган.

Ҳолат юзасидан баённома расмийлаштирган санитария-эпидемиология назорат давлат инспекцияси Каттақўрғон шаҳар филиали ходими Д.Амонова ўз тушунтиришида 2020 йил 24 апрелда Каттақўрғон тумани Муллакичкина қишлоғида жойлашган автомобиллар тўхташ жойида хизматни бажарганлигини билдирган. Унинг билдиришича, вилоят ИИБ ЙҲХБ 4-отряд ЙПХ инспектори Ш.Норқулов фуқаро А.Мамадиевнинг автомашинаси ҳужжатларини бериб, автомашинасида уч нафар фуқарони миндириб ҳаракатланаётганлиги, йўловчилардан бири - ёш бола ниқобсиз эканлигини айтган. А.Мамадиевга ўз ҳудудида ортиқча одам миндириб юриш карантин қоидаларини бузиш ҳисобланишини тушунтирган. Д.Амонова эса бундан кейин карантин қоидаларини бузмаслиги тўғрисида тушунтириш хати ёздириб, далолатнома ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирган.

Шунингдек, Д.Амонова автомашинада уч нафар фуқаронинг бўлганлиги ҳолатини ЙПХ ходими ва фуқаронинг сўзидан ёзганлиги, ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтда воқеа жойида бўлмаганлиги, автомашина салонида бўлган фуқароларнинг шахсига аниқлик киритмаганлиги, унга ЙПХ инспектори автомашинани жарима майдончасига қўйиб, сўнг автомашина ҳужжатлари ва автомашинани тўхташ жойига қўйилганлиги тўғрисидаги далолатномани тақдим қилганлиги, ҳуқуқбузарлик фактини тасдиқловчи бошқа хеч қандай далили йўқлигини маълум қилган.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори, сафдор Ш.Норқулов ҳақиқатдан ҳам ҳайдовчи автомашина салонида ўзи билан уч нафар фуқарони миндириб юрганлиги учун карантин қоидаларини бузганлигини тушунтириб, автомашина ҳужжатларини олиб, вилоят ИИБ ЙҲХБ 4-отряд штаби ёнида жойлашган тўхташ жойига транспорт воситасини жойлаштирганлиги ва автомашина ҳужжатларини ДСЭНИ ходимига тақдим этганлигини маълум қилди.

Юқоридаги ҳолатлар А.Мамадиевга нисбатан тузилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ноқонуний расмийлаштирилганлигини тасдиқлайди.

Қолаверса, қарорни чиқаришда ҳуқуқбузарлик факти сифатида “Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш шаҳар марказларида рухсатномасиз ҳаракатланиш натижасида содир этилганлиги” кўрсатилган.

Лекин Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, 2020 йил 30 март соат 06:00 дан 20 апрель соат 00:01 га қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида автотранспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилган.

Иккинчидан, республика махсус комиссиясининг қарорида туман (шаҳар)ларда автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома асосида ҳаракатланиши назарда тутилмаган бўлиб, ушбу талаб фақатгина, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказлари учун мажбурий этиб белгиланган.

Учинчидан, Республикаси махсус комиссиясининг 2020 йил 8 апрелдаги қарорига асосан 2020 йил 9 апрелдан бошлаб автотранспорт воситалари ҳаракатланишига давлат хизматлари марказлари томонидан махсус рухсатнома бериш тўхтатилган. Шунингдек, жарима солиш тўғрисидаги қарор 2020 йил 24 апрелда чиқарилган бўлса-да, фуқарога қонунда белгиланган тартибда эълон қилинмаган ва топширилмаган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 311-моддасига кўра, қарорнинг нусхаси уч кун ичида қарор чиқарилган шахсга, шунингдек, ўзининг илтимосига кўра, жабрланувчига топширилади ёки жўнатилади. Қарорнинг нусхаси тилхат билан берилади, башарти қарорнинг нусхаси жўнатилса, бу ҳақда ишга тегишли ёзув ёзиб қўйилади.

Шу сабабли адлия бўлими томонидан тегишли тақдимнома киритилди ва вилоят ДСЭНБ томонидан А.Мамадиевга жарима солиш тўғрисидаги қарор бекор қилиниб, иш юритишдан тугатилди.

А.МАМАТОВ,

Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими бошлиғи.