Сув остидаги хазина

Сувга ғарқ бўлган кемалардаги бойликлар асрлар ўтса-да хазина қидирувчиларга тинчлик бермайди. Ўз ҳудудида ҳалокатга учраган кемалардаги бойликларни қидиришда мамлакатлар ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Жумладан, Колумбия ҳукумати Испаниянинг чўкиб кетган «Сан-Хосе» кемасидаги хазинани 2026 йилгача қидириб топишини маълум қилди.

Колумбия президенти Густаво Петро қидирувчилардан «Сан-Хосе»даги юкни қидиришни тезлатишни талаб қилди ва ушбу вазифани уддасидан чиқадиган хусусий фирмани ёллаш ёки қўшма корхона ташкил этишни таклиф қилди. «Бу Петро маъмуриятининг муҳим тадбирларидан биридир, - деди ушбу мамлакат маданият вазири Хуан Давид Кореа. - Президент биздан шошилишни сўради».

Испан кемаси «Сан-Хосе» 1708 йилда Боливия конларидан кумуш билан Европага қайтаётганда Колумбия қирғоқларида сувга ғарқ бўлганди. Мутахассислар унинг бортидаги бойликни 20 миллиард долларга баҳолашмоқда. Бу тарихдаги энг катта хазинадир.

Хазинани қидириб топиб, юқорига олиб чиқиш учун илгари ҳам уринишлар бўлган эди. 1981 йилда Американинг Глоccа Морра компанияси кема ҳалокатга учраган жойни аниқлаган эди. Бироқ Колумбия ҳукумати қимматли юкни сув остидан олиб чиқишга рухсат бермаган эди.

2015 йилда Колумбия «Сан-Хосе» парчаларини бошқа жойда топганини эълон қилди. Глоccа Морра асосчилари буни алдаш, деб ҳисобладилар. Улар судга мурожаат қилиб, хазинанинг 10 миллиард долларини, яъни ярмини давлатдан ундиришга эришмоқчи.

Асрлар давомида дунё океани қаърига ғарқ бўлган кемаларнинг сон-саноғи йўқ. Улардаги катта бойликлар сув тубида ётибди. Бу эса хазина қидирувчилар оромини бузиб, уларга тинчлик бермай келяпти.

Т.Шомуродов тайёрлади.