Табиий газ қувурлари тизимининг ҳолати ва ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши муҳокама қилинди
2020 йил 30 октябрь куни Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда табиий газ қувурлари тизимининг ҳолати ва ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, парламент сўровида кўтарилган муаммолар бўйича ёқилғи-энергетика тармоғидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, шу жумладан, истеъмолчиларнинг тобора ошиб бораётган табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган.
Бироқ аҳоли билан мулоқотлар, жойлардаги ўрганишлар, табиий газ қувурлари тизими аҳволи, тармоққа оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили ушбу соҳада қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар ҳали ҳам сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, бугунги кунда “Худудгазтаъминот” АЖ тасарруфида республика бўйича жами 89172,1 км газ қувурлари мавжуд бўлиб, ушбу газ қувурларининг 20 525,3 км қисми 10 йилгача, 25 729,2 км қисми 10-25 йилгача, 42 917,5 км қисми эса 25-30 йиллар ва ундан ортиқ муддат фойдаланиб келинмоқда.
Шулардан 766,4 км газ қувурлари ўз вақтида алмаштирилмаганлиги сабабли мукаммал таъмирталаб, яъни тўлиқ янгилаш холатига келиб қолган. Қайд этиш лозимки, ушбу қувурларни зудлик билан алмаштириш чоралари кўрилмаган тақдирда табиий газ исрофгарчилиги кундан-кун ортиб бориши, турли авариялар ва бахтсиз ҳодисалар содир бўлиши мумкин.
Бу борада “Худудгазтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан эса 2020 йилда бор йўғи 68,4 км. газ тармоқлари мукаммал таъминланган ва 49,2 км. реконструкция қилинган.
Қолаверса, “Худудгазтаъминот” АЖ тасарруфидаги 16 757,6 км ер ости пўлат газ қувурларини электро-кимёвий химоя учун фақатгина 1305 та электр кимё химоялаш воситалари ишлатилмоқда. Ушбу воситаларни лойиҳа асосида тахминан ҳар 2-3 км га ишлатилишини ҳисобга олсак ер ости пўлат газ қувурларининг бор йўғи 2610 км қисми, яъни 16 фоизи электро-кимёвий химояланган.
14 147,6 км ер ости пўлат газ қувурлари эса умуман химояланмаган.
“Ўзтрансгаз” АЖ тасарруфидаги магистрал газ қувурларининг лойиҳаларида кўзда тутилган 2 117 та электро-кимёвий ҳимоя станцияларидан, бугунги кунда фақатгина 1 097 таси, ишчи ҳолатда, 761 таси эса белгиланган талабларга умуман жавоб бермайди.
Энг ачинарлиси, 25-30 йиллик газ қувурларини алмаштириш имкони бўлмаётган пайтда, фойдаланувга яроқли бўлган газ қувурларини асраш чоралари кўрилмаган.
Яна бир жиҳат. Бугунги кунда “Худудгазтаъминот” АЖ тасарруфидаги газ ростлаш пунктларининг сони 80 334 тани ташкил этади. Улардан 40 минга яқини 20-30 йилдан ортиқ муддат фойдаланиб келинмоқда.
Ушбу газ ростлаш пунктларига хизмат кўрсатувчи чилангарларни штат жадвалини қисқартирилиши натижасида газ ростлаш пунктларига ўз вақтида техник хизматлар кўрсатилмаяпти.
Газ ростлаш пунктларига ўз вақтида техник хизматлар кўрсатилмаётганлиги оқибатида кўплаб газ сизиб чиқиши холатларига ҳамда тафтиш ишларини сифатсиз бажарилишига олиб келмоқда.
Масалан, Тошкент вилоятининг Тошкент туманида жойлашган “Тошкенттумангаз” газ таъминоти бўлими балансидаги 1155 та газ ростлаш пунктларига техник хизмат кўрсатиш учун бор-йўғи 7 та чилангар бириктирилган бўлиб, ҳар бир чилангарга
155-165 тадан газ ростлаш пунктлари тўғри келмокда. Натижада табиий газ босими кўтарилиб кетиши оқибатида ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Белгиланган тартибга кўра, куз-қиш мавсумларида газ ростлаш пунктларига хизмат кўрсатувчи чилангарлар камида ҳар икки кунда бир маротаба назоратдан ўтказишлари лозим.
Шунингдек, газ ростлаш пунктларининг аксарият қисми носозлиги сабабли республика газ тизимида кўплаб табиий газ йўқотишлари кузатилмоқда. Оқибатда давлат бюджетига миллиардлаб зарар келтирмоқда.
Бундан ташқари, “Худудгазтаъминот” АЖга қарашли шаҳар, тумангаз филиалларининг моддий-техник базаси тўлиқ ва замонавий асбоб ускуналар ҳамда махсус техника билан таъминланмаган. Оқибатда республика газ тизимида содир бўлаётган авариялар ўз вақтида бартараф этилмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Шу билан бирга, “Худудгазтаъминот” АЖга қарашли шаҳар, тумангаз филиалларининг айрим ишчи ходимлари билим савияси ҳозирги талаб даражасида эмаслиги ва ўз вазифаларини тўлиқ бажармаётганликлари сабабли республика газ тизимида мавжуд бўлган техник қурилмаларга сифатли хизмат кўрсатилмаяпти.
Қолаверса, аҳолининг ҳаёти ва мол-мулки, атроф-муҳит, турли объектлар, газ қувурлари ҳамда ускуналари хавфсизлигига жиддий таҳдидлардан яна бири – магистрал газ қувурларининг ҳимоя зоналарида ноқонуний қурилмаларнинг мавжудлигидир.
Маълумотларга кўра, 2020 йилнинг 1 октябрь ҳолатига магистрал газ қувурларининг ҳимоя зоналарида аниқланган ноқонуний қурилмалар жами 2 425 тани ташкил қилади. Уларнинг 1 492 тасини бузиш ёки бошқа жойга кўчириш масаласида судларга киритилган даъво аризаларининг 787 таси қаноатлантирилган бўлиб, Мажбурий ижро бюроси томонидан атиги 178 таси ёки 22,6 фоизининг ижроси таъминланган.
Аниқланган ноқонуний қурилмаларни бузиш ёки бошқа жойларга кўчириш бўйича суд органларига ўрнатилган тартибда даъво аризаларини тақдим этиш ва уларни таҳлил қилиб бориш ишлари “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Қайд этиш лозимки, ноқонуний қурилмаларни бузиш ёки бошқа жойларга кўчириш бўйича суд органларига ўрнатилган тартибда даъво аризаларини тақдим этишда биринчи навбатда ноқонуний қурилмалар учун ер ажратишда масъул бўлган мутасаддиларга, туман ҳокимликларига нисбатан чора кўриш лозим.
Яна бир жиҳат. “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти фойдаланишдаги аксарият магистрал газ қувурларини техник ва маънан эскирганлиги, уларнинг диагностикаси ва техник соз ҳолатда сақлаш ишларини лозим даражада олиб борилмаётганлиги натижасида авария содир бўлиш эҳтимоли жуда юқори бўлишига қарамасдан, захира қувурлар билан таъминлаш режаси ҳам тўлиқ бажарилмаган.
Бундан ташқари, Энергетика вазирлиги раҳбарияти аҳоли мурожаатларига, қолаверса, сенатор ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари томонидан сайловчилар талаби асосида киритилган сенаторлик сўровларига этиборсизлик билан ёндошмоқда.
Хусусан, жорий йил 24 февралда сенатор ҳамда 4 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари томонидан Энергетика вазири номига Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани Тошлоқ ва Ўртасарой маҳаллаларига газ таъминотини яхшилаш учун 2020 йил куз-қиш мавсуми бошлангунига қадар Юқоричирчиқ ҳудудидаги “Бектемир” ГТСдан алоҳида тармоқ чиқариб, D-159 мм, узунлиги L-12000 метр газ қувури тортиш масаласини кўриб чиқиб, ижобий ҳал қилиш юзасидан юборилган сенаторлик сўровларига юзаки ёндошилиб, чуқур ўрганмасдан “Ҳудудгазтаъминоти” бошқаруви раиси биринчи ўринбосари берган маълумотномасини илова қилган ҳолда Энергетика вазири ўринбосари Б.Нарматов имзоси билан сенатга юзаки хат юборилган.
Сенатор сўровида кўтарилган ҳудудларга табиий газ умуман берилмаётган бўлса-да жавоб хатида юқорида қайд этилган маҳаллаларда табиий газ таъминотидан узилишлар кузатилган вақтида аҳоли истеъмолчиларига “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан суюлтирилган газ етказиб бериш имконияти мавжудлиги қайд этилган.
Таъкидлаш лозимки, 2020 йил январь-февраль ойларида мазкур ҳудуд аҳолисининг ҳар бир оиласи ойида 20 кг дан суюлтирилган газ билан таъминланиши лозим бўлса-да, “Ҳудудгаз Тошкент” МЧЖ томонидан тасдиқланган тақсимот режасига асосан ҳар бир оилага 12,2 кг дан газ етказилган.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2019 йил 12 октябрдаги Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Табиий газ қувурлари тизимининг ҳолати ва ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан юборилган парламент сўровида белгиланган масалалар, муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлашга юзаки ёндошилганлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан Қўмита томонидан навбатдаги ялпи мажлис кун тартибига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарининг ахборотини эшитиш масаласини киритиш тўғрисида Сенат Кенгашига таклиф киритиш юзасидан қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати