“Тараққиёт мактаб остонасидан бошланади...” Шунинг учун ўқитувчини замонга мослаштириш зарур

Учинчи Ренессанснинг пойдевори мактабдан бошланиши керак, деганди яқинда Президентимиз. Бу фикр ўз-ўзидан кишиларнинг дунёқарашини ўзгартириш вақти келгани, таълимдаги ислоҳотларни айнан мактаб остонасидан бошлаш лозимлигини англатади. Мактаб таълимини бироз бошқачароқ усуллар билан жонлантириш, замонага мослашишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.   

Нега биз ҳаётда қийналяпмиз? Билимсизлигимиз, замонавий билимларни эгаллашдан ортда қолганимиз, бор диққат-эътиборимизни майда-чуйда маиший муаммоларга қаратганимиз учун.  

Ҳаёт мактабида бугун одамларимиз яшашга мослашган бўлиши керак. Боши тирикчилик ташвишидан чиқмайдиган оилаларда Беруний, ибн Сино, ал-Хоразмийлар яна туғилиши мумкиндир, аммо уларнинг иқтидорини кўра олмасак, уларни тарбия қилмасак, ҳаётимизда бундан кейин ҳам ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Буларнинг барчаси, аввало, мактаб таълимига боғлиқ. 

1990 йилларнинг бошида Россияда шундай вазият бўлганди

Сиёсий тизим ўзгарган, катта мамлакат парчаланган, мактабларнинг савияси бутунлай тушиб кетган даврлар. Ўшанда олий таълим муассасаларига шундай топшириқ берилди: уларнинг ҳар бири ўз ички имкониятидан фойдаланиб мактаблар билан ҳамкорлик қилиши лозим. Ҳар бир институт ёки университет қайси йўналишларда ривожланаётган бўлса, ўз йўналиши бўйича туманларда мактаблар ташкил қилиши ёки мактаблар билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиши керак эди. Шу йўсинда мактабларда фанлар ассоциациялари ташкил этила бошланди.  

Москва вилоятида бир ярим мингга яқин мактаб бўлса, унда ўқитиладиган 18 та фан бўйича асссоциациялар фаолияти йўлга қўйилди. Институтлар, университетлар профессор-ўқитувчилари мактаб ўқитувчилари учун мастер-класслар ташкил этиб, яхши ташаббуслар оммалаштирилар, мактаблар орасида яхши маънодаги рақобат муҳити шаклланди. Фанларни ўзлаштириш, муваффақиятлар борасида мусобақалашиш бошланди. Бу ташаббус 3-4 йилдаёқ ўз самарасини берди. Мактаб ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўла бошлади, олий маълумот олишга интилувчилар кўпайди.  

Айни пайтда Россия халқ таълим соҳаси бўйича дунёдаги кучли ўнталик мамлакатлари сафида. Ўша пайтда улар мактаб таълими борасида энг илғор мамлакатлар тажрибасини ўрганганди. Булар Сингапур ва Финландия халқ таълими соҳасидир. Қизиғи, улар россияликларга маълум бўлган анъанавий усулларни ўзларига мослаштириб олган экан.   

Ҳар бир янгилик баъзида унутилган эскилик бўлиши мумкин 

Биз албатта, бу тажрибани айнан ўзлаштирмаймиз. Мамлакатимиз таълим тизимининг ҳеч қайси мамлакатникига мутлақо ўхшамайдиган ўзига хослиги, муаммолари ва ютуқлари бор. Жаҳон тажрибасида кўп бор муваффақият келтирган бу усулнинг ўзбек моделини яратишимиз лозим. Бунда барча ўзига хосликлар эътиборга олинган ва тизим ишлаб чиқилган. 

Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги “Таълим-тарбия тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси кўп жиҳатдан олий таълим муассасалари зиммасига катта масъулият юклайди. Бу ўринда энг асосий урғу, албатта, педагогика ва психология йўналишларидаги мутахассислар тайёрлайдиган институтлар ва университетлар ҳисобига тўғри келади. Чунки улар мактаб тизимига энг яқин мутахассислардир. Мисол учун, техника университети мутахассиси педагог бўлмасдан туриб, мактаб таълимида иштирок этолмаслиги, аниқроғи, 45 минутлик дарсни қандай ташкил этишни билмаслиги мумкин. У яхши мутахассис, ўз соҳасининг билимдонидир, лекин педагогмас. Мактабдаги дарсларда у айтган юксак билимларни ўқувчиларнинг онги қабул қилишга қодир эмаслигини у тушунолмайди. Ишни дастлабки босқичдан бошлаш кераклигини билмайди. Демак, айтиш мумкинки, педагогика, психологиядан хабардор бўлмаган кишилар учун ишни ташкил қилиш жуда қийин ва мураккаб.  

Самарқанд ветеринария медицинаси институти 150 та мактаб билан ҳамкорлик қиляпти 

Бир ой давомида вилоятнинг ўнлаб мактаблари билан яқиндан танишдик. Паст Дарғом, Пахтачи, Нарпай ва Самарқанд туманлари мактабларида бўлганимизда бир нарсага амин бўлдикки,

улар турли ҳудудларда жойлашган бўлишига қарамасдан, муаммолари ва ташвишлари бир хил.

Улар орасида намунали мактаблар ҳам бор – битирувчилари ОТМларга кирган, ўқувчилари олимпиадалар ғолиблигини қўлга киритган, турли танловларда муваффақият қозонган ва ҳоказо. Шу билан бирга, йиллар давомида бирорта битирувчиси ўқишга киролмаган, ҳужжат ишлари мутлақо юритилмайдиган мактаблар ҳам борлигини кўрдик.  

Институт қошида бугун Фанлар уюшмаси ташкил этилди. Уюшмада мактабларда ўқитиладиган жами 9 та фан (она тили ва адабиёт, математика, информатика, кимё, биология, тарих, чет тили, физика) ўқитувчилари мунтазам ўқитилиб борилади. Семинар-тренинглар, маҳорат дарслари, тажриба алмашинув ва малака ошириш машғулотлари тарзида ташкил этиладиган дарсларда мактаб ўқитувчиларига янги билимлар ўргатилади. Улар дарсларда ўз ҳамкасблари билан тажриба алмашади, фикрлашади. Семинар-тренингларда иштирок этиб, шу нарсага амин бўлдимки, ўқитувчилар бу лойиҳага катта умид билдиришмоқда. Лойиҳанинг мақсадини тушунтиришга ҳожат қолмади, улар бирдан моҳиятни англаб олди. Ҳатто кимё ва биология фанларидан мутахассис бўлганим учун бир неча дарс-машғулотларини шахсан ўзим ўтиб беришимни илтимос ҳам қилишди. Албатта рози бўлдим. 

Айтайлик, ҳар бир ўқитувчининг яхши кўрган мавзуси бўлади, у ана шу мавзуни маза қилиб ўқувчиларига ўргатади. Баъзи мавзуларни эса яхши тушунмаслиги, шунинг учун дарсни юзаки ўтиши мумкин. Тренингларда у ҳамкасблари орасидан ана шу ўзи тушунмайдиган мавзуни яхши биладиган ҳамкасбини учратади, ундан ўрганади ва тажрибалар оммалашади. Уларда соғлом рақобат муҳити шаклланади. 

Мактаб ўқитувчиларида билим етарли. Ана шу билимни ўқувчига етказа билишни, ўқувчиларни дарсларга қандай жалб қилишни, уларнинг орасидан кимнинг нимага қобилияти борлигини аниқлаб, улар билан чуқурроқ ишлашни ўқитувчига ўргата олсак, мақсадга анча яқинлашган бўлардик.  

Демак, ишларни шунчаки қоғозда, “ура-ура”чилик асосида бажариш билан иш битмайди. Мактаб таълими борасида катта ислоҳотларни амалга оширишга киришдик. Яна бир нарсани унутмаслик керакки, олий таълимга ёшлар айнан мактаб остонасидан келади. Бу эса бугунги ҳамкорлигимиз албатта яқин келажакда ўз мевасини беришига умид қилиш мумкин. Яна муҳимроғи, ишларимизни тизимли, мунтазам, аниқ қоидалар асосида, режали олиб боришимиз керак. 

Мактабларимизда замонавий билимларни ўқитишда сусткашликка йўл қўйилаётгани ҳам ачинарли ҳол. Бу мактаб маъмурияти билан эмас, юқори доираларда ҳал қилиниши лозим бўлган муаммодир. Лекин ўқитувчи интернетсиз, компьютерсиз дарсга кўнгилдагидек тайёргарлик кўролмайди. Дарсларда бу воситалардан фойдаланмасдан яхши натижаларни қўлга киритиш мушкул.

Мактаб дарсликлари эскириб қолгани ҳам муаммо 

Уларни янгилаш учун катта маблағ лозим. Бу давр мобайнида ўқитувчилар электрон кутубхона имкониятларидан фойдаланишлари мумкин. Мактаб интернет тизимига уланмаган бўлса, улар бу имкониятдан ҳам фойдалана олмайди. Компьютерсиз, интернетсиз ва бошқа замонавий алоқа воситаларисиз биз ўқувчиларга чуқур билим бера олмаймиз, ёшларни қизиқтира олмаймиз. Ўқувчилар қўлларидаги оддий смартфонлари билан ҳам бугун кўп ишларни амалга оширишга қодир. Ўқитувчилар ўз ўқувчиларидан ортда қолишлари эса ачинарли ҳолат. Айни кунда бу борада яна бир яхши ишга қўл урилаётгани, яъни ўқувчилар учун электрон кундалик, электрон синф журналлари жорий этилаётгани эътиборли.  

Хуллас, яхши ниятлар билан катта лойиҳага қўл урдик. Мактабнинг, ўқитувчиларнинг обрўсини қайтаришимиз керак. Мактаблар илгари том маънодаги зиё, маърифат маскани бўлган. Дунёнинг барча муаммолари, янгиликлари, аввало, мактаб миқёсида ўқитувчилар томонидан муҳокама қилинган, уларнинг талқини халққа етказилган, ўқитувчилар эса жамиятнинг энг илғор қатлами, нуфузли, эътиборли кишилари бўлишган. Аслида ҳам шундай, бу касб эгалари ҳурматга лойиқ кишилардир. Улар ўзларидаги бор билимларини шогирдларига бериб, миллатнинг келажагини, келгуси ҳаётини таъминлайдилар.  

Худойназар ЮНУСОВ, 

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори.