Тожикистонда Янги йил байрами тадбирлари бекор қилинди

Тожикистонда COVID-19 пандемияси сабаб, Янги йил байрами муносабати билан ўтказиладиган барча оммавий тадбирлар бекор қилинди.

Тегишли қарор COVID-19 га қарши кураш бўйича Республика штаби томонидан қабул қилинди.

Душанбе шаҳридаги маданият ва истироҳат боғларида янги йил арчалари ўрнатилмайди.

Байрам кунлари мамлакат аҳолиси истироҳат боғларида ва маданий ҳордиқ чиқариш жойларида фақат шахсий ва жамоат гигиенаси қоидалари, ҳимоя маскаларидан фойдаланиш ва ижтимоий масофага қатъий риоя қилиш шарти билан сайр қилишлари мумкин.

Анъанага кўра, ҳар йили Тожикистонда Янги йил жуда кенг нишонланган. Янги йил арафасида мамлакатнинг барча майдонлари ва боғлари, асосан Душанбедаги «Дружба» майдони янги йил арчалари билан безатилган ва оммавий тантаналар бўлиб ўтган.

Бугунги кунда Тожикистонда коронавирус инфекцияси билан зарарланиш ҳолати 40 тани ташкил этяпти. Мамлакатда коронавирус билан касалланганларнинг умумий сони 11 731 тага, вафот этганлар сони эса 86 тага етди. Жами 11 105 киши хавфли инфекциядан даволанди.