Туркия: Ҳалок бўлганларни дафн қилиш ва омон қолганлар ҳаётини сақлаш осон кечмаяпти

Туркиялик сейсмолог мамлакат жануби-шарқида яна бир кучли зилзила бўлишини истисно қилди. Мутахассиснинг айтишича, "Уч метрлик силжиш аллақачон содир бўлган ва натижада ёриқ камида 250 километрга чўзилган": плиталар ҳаракати туфайли минтақада энергия 300 йил давомида тўпланиб келган.

Туркияда зилзила қурбонлари сони 41 мингдан ошди. 105 мингдан ортиқ одам жабрланган. Бу сўнгги расмий рақамлар. Расмийлар кўп муаммоларни ҳал қилиши керак, дейилади Euronews телеканалида.

"Қутқарув гуруҳлари ҳар куни ўнлаб янги жасадларни топишмоқда. Туркия ва Сурия қабристонларида кўмиш ҳажми туфайли уддалаш оғир кечмоқда. Туркия жанубидаги Антакя ҳукумати томонидан марҳумларни дафн қилиш учун жойлар ажратилган", дейди Euronews мухбири Анелиз Борхес.

Қулаган бинолар остидан олиб чиқилаётган жасадларни жойлаштириш учун шаҳар қабристонларида жой етишмаяпти. Шу боис шаҳарнинг турли ҳудудларида қабристон майдонлари пайдо бўлмоқда.

Бу ерга олиб келинган жасадлар орасида номаълум ва ҳамроҳсизлари бор. Улар маълум бир жараёндан ўтади. Барча жасадлар ҳисобга олиниши ва одамлар ўз яқинлари қаерда дафн этилганини билишлари учун ДНК намуналари олинади.

Биринчи кучли зилзиладан бир ҳафтадан кўпроқ вақт ўтганига қарамай, қутқарувчилар вайроналар остидан тирик одамларни олиб чиқишга муваффақ бўлишди. Антакялик 40 ёшли аёл ҳозирча қутқарилганлар орасида охиргиси бўлди. Туркия ва Сурия касалхоналари тўлиб-тошган.

Давом этаётган қидирув-қутқарув операцияси ва вайроналарни тозалаш фонида жабрланган мамлакатлар яна бир жиддий муаммога дуч келмоқда: уй-жойсиз қолган миллионлаб одамларни жойлаштириш. Бу катта муаммо, чунки бу одамлар бир қатор хавф-хатарларга дучор бўлишмоқда. Вабо тез тарқалмоқда. Бу ҳақда бизга Антакя марказидан шифокор айтди, дейди мухбир.

"Туркия расмийларига кўра, 80 мингга яқин одам касалхоналарда ётибди, бу эса табиий офатдан ўзи ҳам жабр кўрган соғлиқни сақлаш тизимига жуда оғирлик қилмоқда. ЖССТ зилзила оқибатларини бартараф этишга ёрдам учун 43 миллион доллар сўраб мурожаат қилди", - деди ЖССТ Европа идораси раҳбари Ханс Клюге.

Одамлар асосан ташқарида, машиналар ёки чодирларда ухлашади. Чодирлар етарли эмас. Кўп одамлар ташқарида ухлашига тўғри келмоқда, кечалари эса жуда совуқ.

Шундай қилиб, расмийлар бу вақтга қарши пойга эканлигини тушунишади: марҳумларни кўмиш ва тириклар ҳаётни сақлаб қолиш керак.

"Euronews"дан Гулнора Холдорова тайёрлади.