Туркия ва Суриядаги зилзила қурбонлари сони 33 мингдан ошди
Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фаҳреттин Кожа маълум қилишича, зилзила қурбонлари сони 24 617 нафарга етган.
Сурияда эса зилзила оқибатида 4500 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, деб ёзади "Ал-Жазеера". Яна бир нашрга кўра, қурбонлар сони 5200 нафардан ошган.
6 февраль куни Туркия ва Сирия чегарасида 7,7-7,8 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. 11 февраль оқшомида сейсмологлар 2100 дан ортиқ ерости силкинишини қайд этган.
Айни пайтида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Сурия шимоли-ғарбида гуманитар юкларни етказиб бериш билан боғлиқ ўта қийин вазият юзага келган. БМТ бу ҳудудларни назорат қилаётган радикал исёнчи гуруҳлар томонидан халқаро инсонпарварлик ёрдамига тўсиқлар бўлаётганини айтмоқда.
Якшанба куни Европадан Сурияга биринчи юк етиб келган: Италия Сурия Қизил Хоч ташкилоти ёрдамида Ливан чегараси орқали ёрдам юборди.
Туркия Адлия вазирлиги қурилиш қоидаларини бузганликда 131 киши гумон қилиниб, тергов остида эканлигини, камида 12 гумондорнинг ҳибсга олинганини билдирди.
Деярли бир ҳафта ўтганига қарамай, сўнгги соатларда бир неча киши вайроналар остидан омон чиқишга муваффақ бўлди. Қутқарувчилар ҳамон бор эътиборини фақат шундай операцияларга қаратган.
Ҳукумат ёрдам қўлини чўзиш учун бу ерга ўз мутахассисларини юборган барча давлатларнинг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун қўлидан келганича ҳаракат қилаётганини айтади.
Аммо айни дамда вазият жуда мураккаблигича қолмоқда, кўплаб йўллар ва кўчалар бутунлай тўсиб қўйилган. Ҳали минглаб одамлар вайроналар остида.