Умрни қисқартирувчи ва узайтирувчи омиллар
Мутахассисларнинг фикрича, тўлақонли уйқу саломатликни сақлаш ва ҳаётни узайтиришга ёрдам беради.
АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари чекиш ва саломатлик бошқармаси бошлиғи Тим Макафининг сўзларига кўра, АҚШда чекиш эрта ўлимнинг асосий сабабидир. Унинг таъкидлашича, бу зарарли одат аёлларнинг умрини ўртача ўн бир йилга, эркакларникини эса ўн икки йилга қисқартиради.
Нотўғри овқатланиш ҳам умр кўриш давомийлигига салбий таъсир қилади. Норвегиялик диетолог Ларс Тор Фаднеснинг таъкидлашича, рациондаги ярим тайёр маҳсулотлар юрак-қон томир касалликлари ёки саратон касаллигидан эрта ўлим хавфини оширади.
Норвегиялик тадқиқотчи Трине Мохолднинг фикрича, ҳаракатсиз турмуш тарзи ҳам умрни қисқартиради. Унинг сўзларига кўра, «Мунтазам жисмоний фаоллик юрак-қон томир тизими касалликларини ривожланиш хавфини камайтиради. Ҳатто ёш «ўтганда» ҳам машғулотларни бошласа, бу тана ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади. Жисмоний фаоллик узоқроқ ва соғлом яшашга ёрдам беради".
Америкалик психолог Мишел Дрерупнинг таъкидлашича, уйқу қанчалик қисқа бўлса, умр ҳам шунчалик қисқароқ бўлади. «Одамлар кўпинча уйқуни аҳамиятсиз деб ўйлашади ва уйқу вақтини турли машғулот ёки иш билан ўтказишади. Бу зарарли. Тунги уйқу муҳимлигини тушунинг ва оқшом тўлиқ ухлашга ҳаракат қилинг» дейди М.Дреруп.
Австралия университети тадқиқотчиси Анжела Вуд спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ҳам эрта ўлимга олиб келишини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, соғлиқни сақлаш учун жуда кам ичиш ёки спиртли ичимликлардан бутунлай воз кечиш керак. "Алкоголь истеъмолини камайтириш нафақат юрак хасталиклари хавфини камайтиради, балки бошқа хавфли касалликлардан ҳам асраб, ҳаётни узайтиради", деб хулоса қилди у.
Юрак ишини яхшилашнинг ёқимли усули ҳақида Кардиолог Ольга Савонина айтди: кундузги қисқа уйқу умумий саломатликни яхшилаб, айниқса, юрак касалликларининг олдини олади.
Г.Холдорова тайёрлади.