Хулоса чиқармаган отанинг қарзи 30 миллион сўмдан ошди
Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг суд ҳужжатига асосан қарздор О.Б. томонидан ундирувчи Д.Р.нинг фойдасига икки нафар фарзандининг вояга етгунларига қадар моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисми миқдорида алимент пулини тўлаб бориши белгиланган.
Бироқ қарздор О.Б. алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган. Шу сабабли Каттақўрғон шаҳар маъмурий судининг қарори билан О.Б. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47(4)-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Фуқаро О.Б. қўлланилган жарима жазосидан сўнг ҳам ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан қасддан ва муттасил бўйин товлаб келган. Оқибатда унинг қарздорлиги 2015 йилнинг июнь ойидан шу йилнинг октябрь ойига қадар 30 миллион 548 минг сўмни ташкил этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон тумани бўлими томонидан фуқаро О.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси.