Яна банкоматларда нақд пул йўқ(ми?)
Айни дамда “Асака банк” , “ЎзМиллийбанк” ва “Алоқабанк” вилоят филиалларидаги банкоматларда нақд пул йўқ. Буни бизга мурожаат қилган фуқаролар ҳам маълум қилишди.
Бундай ҳолат Самарқанд шаҳридаги яна бир нечта манзилларда кузатилган. “Алоқабанк” масъулларининг айтишича, “Хумо” картасида бемалол нақд пул олиш мумкин. Аммо “UZCARD” пластик карточкадаги мижозлар учун бир соатлардан кейин банкоматларга пул қўйилиши мумкин экан. Фуқаролар эса бир соатдан кейин нақд пул олиш илинжида банк олдида навбат кутишмоқда.
Марказий банк вилоят Бош бошқармасидан маълум қилишларича, “Ойнинг 5-12 ва 16-21 саналарида вилоятимиздаги банкоматлар орқали кунига 10-12 миллиард сўм нақд пул олинади ва банкоматларни узлуксиз таъминлаш учун етарлича нақд пул мавжуд. Юқорида келтирилган банкоматлар аҳоли гавжум ва серқатнов жойларда жойлашганлиги учун кўп нақд пул ечиб олинади. Банкоматларга нақд пул қўйишга бироз вақт кетганлиги учун фуқароларнинг банкоматда нақд пул олишида муаммолар туғилмоқда.
Шундай ҳолларда фуқароларнинг сарсонгарчилигини олдини олиш учун фуқароларга энг яқин бўлган банкоматларнинг манзиллари кўрсатилган ёзувларни ҳавола қиляпмиз”.