Ёш тадбиркор ёшлар меҳнат гузари қурмоқчи
Ёшлар иттифоқи ва Ургут тумани ҳокимлиги уни қўллаб-қувватлайдими?
Президент соврини учун анъанавий “Ташаббус” кўрик-танлови 2018 йилда янги мезонлар асосида ўтказилди. Танловни ўтказиш тартиби ўзгарди, асосий номинациялар иккитага кўпайди, қўшимча номинациялар қўшилди.
Ургут туманида уч йилдан буён фаолият олиб бораётган “Urgut sanoat servis” оилавий корхонаси бошлиғи, ёш тадбиркор Мажидхон Исломов ҳам катта тадбиркорлар ва тенгдошлари билан танишиш, тажриба алмашиш мақсадида ушбу танловда қатнашди. У ишлаб чиқараётган эркаклар кўйлаги кўпчиликнинг эътиборини тортди. Унинг иш услуби, мақсад ва режалари ҳакамларда қизиқиш уйғотди. Балки шу боис, танлов ғолиблари эълон қилинаётганда унинг номи ҳам айтилди, янги ташкил этилган номинация – “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” йўналиши ғолиби бўлди.
Танловнинг вилоят босқичида ҳам бу эътироф такрорланди ва Мажидхон “Ташаббус – 2018”нинг мамлакат босқичида иштирок этадиган бўлди.
– Оиламизда тадбиркорликка қизиқиш катта, – дейди “Urgut sanoat servis” оилавий корхонаси бошлиғи, ёш тадбиркор Мажидхон Исломов. – Ака-укаларим – барчамиз шу соҳани танлаганмиз. Биргина фарқимиз – улар савдо-сотиқ билан шуғулланади, мен эса ишлаб чиқариш фаолиятига қизиқаман ва шунга интилганман. Шу сабабли Туркиядан тикув машиналари ва бошқа жиҳозлар келтириб, 2016 йилда кўйлак ишлаб чиқаришни бошладим. Чунки нафақат Ургутда, балки вилоятимиз, юртимизда ҳам ушбу фаолият билан шуғулланувчилар бармоқ билан санарли, агар иш тўғри йўлга қўйилса, яхши бизнес юритиш имконияти пайдо бўлишини билардим.
Дастлаб Туркиядан келган мутахассис иш ўргатди, асосан ёш йигит-қизларни ёнимга олдим. Улар мураккаб бўлмаган ускуналарни ишлатиш кўникмасини тез ўзлаштирди, қўллари келишиб қолди. Бежирим кўйлаклар ишлаб чиқара бошладик. Маҳсулотни асосан Ургут бозоридаги сотувчилар орқали савдога чиқардик. Кейин уларнинг ўзлари буюртма бера бошлади. Бозорда ўз ўрнимизни топгач, маҳсулот турини кўпайтиришга эътибор қаратдик. Корхонамизда ишловчилар ҳам 30 кишига яқинлашиб қолди. Самарқанд ва Тошкент шаҳарларидаги тадбиркорлар билан ҳамкорлик қила бошладик. Бу орада ISO-9001 сертификатини олиб, имкониятларимиз янада кенгайди.
Одатда танлов ёки кўргазмага келган тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотлари намойиши билан чекланади. “Urgut sanoat servis” оилавий корхонаси вакиллари эса “Ташаббус”нинг мамлакат босқичида ҳам ўзлари ишлаб чиқараётган ва кўргазмага олиб келган кўйлакларни қайтариб олиб кетмади, сотиб кетди.
– Хорижда ўтган кўргазмаларда ёки текстил корхоналари фаолияти билан танишганимда улар маҳсулот реализациясида ўзига хос услубдан фойдаланишига гувоҳ бўлганман, – деб сўзида давом этади М.Исломов. – Кўргазма давомида технология ёки маҳсулотни ўша ернинг ўзида сотиб олишингиз мумкин. Ёки корхонанинг ёнида савдо дўкони, мижозларни қабул қиладиган жойлар бор. Бу ерда сизнинг буюртмангизга қараб кийим-кечакни тайёрлаб беришади. Биз ҳам ана шундай йўл тутишга ҳаракат қиляпмиз. Аммо ҳозирча жой масаласида бироз муаммолар борлиги учун ўз савдо нуқтамизга эга эмасмиз. “Ташаббус”нинг мамлакат босқичида пойтахтимизда маҳсулотларни намойиш этиш билан бирга, ўша ернинг ўзида корхонамиздаги ишлаб чиқариш жараёнини кўрсатиб бердик. Тайёр маҳсулотни сотдик ва 30 га яқин тадбиркор билан келишувга эришдик.
Ўтган йили юртимизда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури қабул қилиниб, ёшларга тадбиркорлик учун жуда катта имтиёз ва енгилликлар берилди. Ўзим ҳам Ёшлар иттифоқи фаолиятида қатнашиб туришим туфайли, айтишим мумкин, бу ёшларни тадбиркорликка ўргатишда муҳим ўрин тутади. Дастурда белгиланган чора-тадбирлар билан танишиб, Ургутда давлат-хусусий шериклик асосида ёшлар меҳнат гузари ташкил этишга аҳд қилдим. Ҳозир тегишли ҳужжатларни тўплаб, комиссияга тақдим этганман. Агар ижобий хулоса беришса, туманимиз ёшларини касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлашга хизмат қиладиган замонавий маскан ташкил қилмоқчиман. Шу ерда ўзим ўйлаган, хориждан ўрганиб келган кўплаб янги режа ва лойиҳаларни ҳам амалга ошириш ниятим бор.
Дарвоқе, ёш тадбиркор йил бошида 20 та замонавий тикув машинаси ва бошқа жиҳозлар харид қилиб, фаолиятини кенгайтирмоқда. Бу яна қўшимча 30 га яқин иш ўрни дегани.
Ўнлаб ёшларни тадбиркорликка ўргатиш, уларни иш билан таъминлаш ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни ўз олдига мақсад қилган Мажидхоннинг лойиҳаларини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ургут тумани ҳокимлиги қўллаб-қувватлайди, деб ишонамиз...
Ғолиб Ҳасанов.