6200 дан ортиқ бинодан фойдаланилмаяпти. Нега?

Вилоят прокуратураси томонидан ҳудудларда бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланиш аҳволи ўрганилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, ҳозирги кунда вилоятимизда 6265 та барча тоифадаги бўш турган ишлаб чиқариш объектлари ҳисобга олинган. Тегишли идоралар томонидан ер майдони ва мулк эгаси аниқ бўлган 1271 та бўш турган объектни ишлаб чиқариш жараёнига жалб этиш бўйича "Йўл харитаси" тасдиқланди.

Президентимизнинг 2018 йил 4 сентябрдаги "Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига "Йўл харита"ларини тақдим қилиш мажбурияти давлат мулкини балансда сақловчилар зиммасига юклатилган. Бироқ ўтган даврда 532 та давлат мулки объектига бор-йўғи 20 та, 130 та давлат улушли мулкига эса 2 та лойиҳа тақдим қилинган, холос.

Давлат мулкини тасарруфида сақловчи айрим муассасалар раҳбарлари кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга ошишини таъминлашга масъулиятсизлик билан қарашган. Масалан, халқ таълими тизимидаги 220 бино ва ер майдонидан 216 таси, олий ва ўрта махсус таълим тизимидаги 11 мулкдан 10 таси, мактабгача таълим муассасалари 32 объектдан 31 тасида хўжалик фаолиятига жалб қилиш бўйича лойиҳалар тайёрланмаган. Соғлиқни сақлашда 67 тадан 66 тасига, "Ўзавтойўл" ДАК тасарруфидаги 8 объектнинг 6 тасига, маданият, жисмоний тарбия ва спорт тизимидаги 31, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги тизимига кирувчи корхоналар ҳисобидаги 45 та потенциал ишлаб чиқариш майдонлари бўйича умуман лойиҳалар ишлаб чиқилмаган.

Давлат мулки объектларидан самарасиз фойдаланиш кўрсаткичини туман-шаҳарлар кесимида таққослайдиган бўлсак, Самар­қанд шаҳрида 93 та, Самарқанд туманида 30 та объектга лойиҳалар ишлаб чиқилмаган. Каттақўрғон шаҳри, Оқдарё, Пайариқ, Жомбой ва Нуробод туманларида 129 объектнинг 10 тасига лойиҳа тайёрланган. Булунғурда 24 та, Қўшработда 15 та, Тойлоқда 21 та, Ургутда 47 та, Паст Дарғомда 35 та, Пахтачида 27 ва Иштихон туманида 23 та фойдаланилмаётган давлат мулки объектини ишлатиш бўйича атиги биттадан ташаббускорлар аниқланганлиги туман-шаҳарлар ишчи гуруҳлари фаолияти самарасиз эканлигини кўсатмоқда.

Ўтган даврда лойиҳалар тақдим қилмаган давлат муассасаларига қарашли ёки давлат улуши бўлиб фойдаланилмаётган 662 та объектдан 20 таси сотувга қўйилган. Ваҳоланки, янгиланган механизм бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари белгиланган муддатда инвестициявий лойиҳа ишлаб чиқилмаган давлат мулки объектларини ҳар чоракда сотувга чиқариши лозим.

Жами фойдаланилмаётган объектларнинг учдан бир қисмини ташкил этувчи кичик ҳажм­даги (100 метр квадратгача) бўш турган биноларни ишлаб чиқариш жараёнига жалб қилиш ишлари ҳам кутилган натижани бермаяпти. Бунинг сабаби аввало, жойларда инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқмаган мулк эгаларига нисбатан ўз вақтида солиқ механизми қўлланилмаётганидир. Масалан, туман ва шаҳарлардаги 1646 та бўш турган хусусий объектлар эгаларига самарасиз фойдаланиш даври бўйича ҳисобланадиган миқдорда солиқ тўлашга ўтказилмаган.

Яна бир масала, хатловда аниқланган 276 та 218 гектар бўш турган майдонлар маҳаллий ҳокимликлар захира ерлари тоифасига ўтказилмаган, эгасиз 77 та объектни ҳокимликлар захирасига қайтариш чоралари кўрилмаган, 2266 та объектнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган.