Ўзбекистонлик 15 нафар ёш киноижодкор Болливудда малака оширади
Ҳиндистоннинг 2019-2020 йилларга мўлжалланган техник ва иқтисодий ҳамкорлик дастури (ITEC Scholarship Training Programs for 2019-2020) доирасида ўзбекистонлик 15 нафар ёш киноижодкор Ҳиндистонда кино соҳасида малака оширади.
"Ўзбеккино" миллий агентлигининг бош директори Фирдавс Aбдухолиқов билан Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сантош Жа ўртасидаги мулоқот чоғида ана шундай келишувга эришилди.
- Ушбу дастур ўзбекистонлик номзодларнинг барчасини ўқитиш харажатларини қоплайди, - деди Сантош Жа. – Бундан ташқари, индивидуал дастурларни ташкил қилиш, 2-3 ойлик кинематография курсларини ўташга имкон беради.
Мулоқот чоғида Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида кино соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан бир қатор фикр ва таклифлар билдирилди. Жумладан, 60 йиллик тарих давомида ҳинд киносининг энг таниқли юлдузларини тарбиялаган Пуна шаҳридаги кинематография институти билан ҳамкорлик ўрнатиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Тадбирда Бухоро ва Хивада амалга оширилаётган иккита ҳинд кинолойиҳаси ва Aгентликнинг яқин келажакда режалаштирилаётган Ҳиндистон билан боғлиқ лойиҳалари ҳақида гапирилди. Жумладан, режиссер Жаҳонгир Қосимов суратга олаётган "Ибрат" фильмининг айрим эпизодлари Ҳиндистонда суратга олинади.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан қайта тикланаётган Тошкент кинофестивали ҳақида ҳам сўз борди. 1968-1992 йиллар давомида ўтказиб келинган ушбу фестивалга ҳинд киносининг Раж Капур, Шиям Бенегал, Шабана Азми сингари сўнмас юлдузлари ҳам ташриф буюришган.
Элчи Сантош Жа ушбу ғояни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ва Ҳиндистоннинг машҳур кино юлдузларини ушбу фестивалга жалб қилишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистонда миллий кино саноатининг халқаро медиа бозорида жозибадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам қайд этилди. Хусусан, Ҳиндистон элчисига кино туризмида олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, Ўзбекистонда кино лойиҳаларини амалга оширишда 2020 йил 1 январдан бошлаб хорижий киноижодкорларнинг лойиҳаларини Ўзбекистонда амалга ошириш харажатларини қоплашга қаратилган «Rebate» тизимининг ишга туширилиши ҳақида маълумот берилди.
Учрашув давомида томонлар 2020 йилда Ҳиндистонда "Ўзбекистон киноси кунлари" ҳамда юртимизда "Ҳинд киноси кунлари"ни ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Барно ЎНГБОЕВА.