Тўрт нафар аёл ва қизларни Москвага фоҳишаликка олиб кетаётган шахслар қўлга олинди
Тошкент вилояти ИИББ одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими тезкор ходимлари томонидан 2020 йилнинг 10 февраль куни ўтказилган тадбирлар натижасида Москвада яхши маош тўланадиган иш топиб беришни ваъда қилиб, ҳатто йўл харажатларини ўз ҳисобидан қоплаган ҳолда олиб кетишни айтиб, уларни фоҳишалик билан шуғуллантиришни мақсад қилган “Дилафруз” ва “Умида” 19-25 ёш оралиғидаги турли вилоятлардан бўлган 4 нафар аёл-қизларни Наманган халқаро аэропортидан “Наманган-Москва” авиарейси орқали Москва шаҳрига олиб кетаётган вақтида ушланган.
Тошкент вилояти ИИББ тезкор ходимларига Нурафшон шаҳрида ўзини “Дилафруз” ва “Умида” (шартли исмлари) деб таништирувчи шахслар қизларни яхши даромад орттириш билан қизиқтириб, алдов йўли билан Россия Федерациясига олиб кетишни режалаштирганлиги маълум бўлади.
Ўтказилган суриштирув давомида ўзини “Дилафруз” деб таништирган шахс Наманган вилояти, Косонсой туманида яшовчи, 1981 йилда туғилган Р.М., шериги “Умида” Наманган вилояти, Поп туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган У.Н. эканлиги аниқланади.
Шунингдек, тадбир давомида У.Н. ўзи ишлаб келаётган аёллар гўзаллик салонига келган ёш ва кўриниши чиройли қизларни яхши даромад орттириш билан қизиқтириб, Р.М. билан таништириб келганлиги ва бунинг эвазига ундан ўз улушини олиб келганлиги маълум бўлган. Р.М. эса 2019 йилдан буён Москва шаҳрига олиб борилган қизларга интернет ижтимоий тармоқлари орқали жинсий алоқа қилишлари учун мижоз топиш билан шуғулланиб, моддий даромад орттириб келаётганлиги аниқланган.
ИИББ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар бош бошқармаси томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.