Янги вазирлик қандай вазифани бажаради?

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўп бўлган юридик шахслар ҳар йили 1 декабргача келгуси йилда жорий хўжалик фаолияти учун моддий-техник ресурслар рўйхатини давлат харидлари сайтида мажбурий эълон қилади.

2020 йил 1 январдан давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш учун жавобгарлик бошқарув органларига юкланади ҳамда давлат харидлари бўйича топшириқлар ва импорт контрактлари “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази”да экспертизадан ўтказилмайди.

2019 йил 1 февралдан давлат харидлари бўйича техник топшириқлар экспертизадан ўтказиш учун Марказга тақдим этилади. Импорт шартномалари ва уларга қўшимча келишувлар Марказда мажбурий экспертиза ва рўйхатдан ўтказилмайди.

Ҳужжатга асосан, комплекс экспертизадан ўтказганлик учун давлат буюртмачиси томонидан белгиланган қийматнинг 0,1 фоизи, лекин энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баробаридан ортиқ бўлмаган миқдорда тўлов ундирилади.

Шунингдек, қарор билан Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, вазирлик мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва индустриал ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини, шунингдек инвестиция сиёсатининг стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.