Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Динамо»га янги бош мураббий тайинланди

Жамоанинг Суперлига иккинчи даврасидаги муваффақиятсиз натижалари боис бош мураббий Даврон Файзиев ўз аризасига биноан лавозимидан озод этилган эди.

25 сентябрь куни Самарқанд вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Эркинжон Турдимов билан ўзаро учрашувдан кейин тажрибали мутахассис Тачмурод Агамуродов «Динамо» бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда «Динамо» ПФК матбуот хизмати хабар берди.

Шу куни «Динамо» футбол клубида йиғилиш ўтказилиб, клуб ҳомийлари, раҳбарияти ва жамоа футболчиларига бош мураббий сифатида Тачмурод Агамуродов таништирилди.

Янги бош мураббий билан мавсум якунигача шартнома имзоланиб, янги бош мураббий олдига «Динамо» жамоасини Суперлигада олиб қолиш вазифаси юкланди. Ушбу вазифа бажарилса, бош мураббий билан шартнома узайтирилади.

Маълумот учун, туркманистонлик тажрибали мураббий 2007 ва 2014 йилги мавсумларда ҳам «Динамо» жамоасида фаолият олиб борган.