Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси 2019 йил 4 декабрь куни Паст Дарғом туманида юзага келган ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди

Самарқанд вилояти матбуот уйида ўтказилган брифингда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи А.Зокировнинг қайд этишича, 2019 йилнинг декабрь ойида ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида Паст Дарғом туманидаги бетон тайёрлаш корхонаси ноқонуний равишда электр энергиясидан фойдаланиб келганлиги аниқланиб, Мажбурий ижро бюроси Паст Дарғом туман бўлими ходимлари томонидан тармоқдан узилганлиги учун гўёки туман хокимининг тазйиқи билан МИБ туман бўлими бошлиғи Илҳом Хамдамов лавозимидан олинганлиги ҳақида ёзилди.

Ҳақиқатдан ҳам 2019 йил 4 декабрь куни Мажбурий ижро бюроси Паст Дарғом тумани бўлими ходимлари Қоратерак маҳалласи аҳолисининг мурожаатлари асосида маҳалла ҳудудида жойлашган, “Паст Дарғом тумани ободонлаштириш бошқармаси” давлат корхонасига тегишли бетон тайёрлаш корхонасида текшириш ўтказганларида, корхона туман электр тармоқлари корхонаси билан тегишли шартнома ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, белгиланган тартибда электр энергияси ҳисоблагичи ўрнатмасдан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан МИБ ходимлари томонидан тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, корхона электр тармоғидан узилган ва электр щити муҳрланган.

Бироқ, воқеа жойига етиб келган Паст Дарғом тумани ҳокимининг ёрдамчиси Асрор Мардиев ва корхона иш юритувчиси Рамиз Аннабозоровлар МИБ ходимларига қаршилик кўрсатган. Р.Аннабозоров муҳрларни қасддан бузиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишни давом эттирган.

Расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги далолатнома ва тўпланган материаллар асосида тўлақонли текшириш ўтказилиб, корхонаси томонидан давлат манфаатларига 65 миллион 847 минг 600 сўм зарар етказилганлиги аниқланган.

2019 йил 13 декабрь куни текшириш жараёни доирасида “Паст Дарғом туман ободонлаштириш бошқармаси” давлат корхонаси бош муҳандиси Б.Жўраевга қонун талаблари тушунтирилиб, 30 кунлик муддат ичида етказилган зарар қопланмаган тақдирда, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 185(2)-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиши ҳақида огоҳлантирилган.

2020 йил 11 январь куни корхона томонидан давлатга етказилган 65 миллион 847 минг 600 сўмлик зарар тўлиқ қопланган ва ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатишдан рад қилинган.

Шу билан бирга, мазкур ҳолатда қонунбузарликка йўл қўйган қатор ходимлар тегишли тартибда маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилган.

МИБнинг Паст Дарғом тумани бўлими собиқ бошлиғи Илҳом Ҳамдамовнинг лавозимидан озод этилиши юзасидан маълум қилиндики, 2019 йилнинг ноябрь ойида Мажбурий ижро бюроси марказий маҳкамаси гуруҳи томонидан Самарқанд вилоят бошқармаси, шаҳар ва туман бўлимлари фаолияти текширилиб, тўлиқ тахлил қилинган. Мазкур таҳлил натижалари 2019 йил 6 декабрь куни Бюро директорининг ўринбосари раислигида ўтказилган кенгайтирилган ҳайъат мажлисида муҳокама қилинган ва қатор шаҳар, туман бўлимлари раҳбарларига, шу жумладан, Паст Дарғом туман бўлими бошлиғига жиддий эътирозлар билдирилган. Хусусан, туманда коммунал хизматлар учун тўловларни ундириш ойлик режалари бажарилмай келаётгани, дебитор карздорлик ойма-ой ошиб борганлиги, ишни ташкил қилиш, ижро ва меҳнат интизомига риоя қилинишини таъминлашда камчиликларга йўл қўйилганлиги қайд этилган.

 Муҳокама натижаларига кўра, МИБ Паст Дарғом тумани бўлими бошлиғи И.Ҳамдамов ва Ургут туман бўлими бошлиғи Ш.Мусурмонов ўз фаолиятларидаги камчиликларни тан олиб, эгаллаб турган лавозимларидан озод қилишни ва камроқ хажмдаги ишга ўтказишни сўраб мурожаат қилган.

Бугунги кунда Илҳом Ҳамдамов Бюронинг Жомбой туман бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.

Мажбурий ижро бюроси Паст Дарғом тумани бўлими собиқ  бошлиғи И.Ҳамдамовнинг ўз вазифасидан озод қилиниши ва 2019 йил 4 декабрь куни Паст Дарғом туманининг Қоратерак маҳалласида Мажбурий ижро бюроси ходимлари ва бетон тайёрлаш корхонаси ходимлари ўртасида юзага келган зиддият ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик мавжуд эмас.