Ажал остонасида ғазалхонлик: 1941 йил. Ленинград қамали пайтида Алишер Навоийнинг 500 йиллиги қандай нишонланган эди?

Шу йилнинг 10 декабрь куни Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. Мазкур тадбирларда Ўзбекистон ва Россиянинг бир гурух тарихчи, шарқшунос ва олимлари иштирок этди.

Унда Ўзбекистон Қаҳрамони, олим ва таржимон Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистоннинг Санкт Петербург шаҳридаги консули Алишер Бобоев, навоийшунос олимлардан Шуҳрат Сирожиддинов, Афтондил Эркинов, Султонмурод Олим, Олимжон Давлат, Буробия Ражабова, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова ва бошқалар Навоий меросининг бугунги кундаги аҳамияти, унинг инсонпарварлик ғоялари, навоийшунослар жасорати хусусида сўз юритишди.

Буюк мутафаккир ижоди асрлар давомида бутун инсониятни эзгуликка, тинчлик ва дўстликка даъват этиб келган. Шу боис, ҳатто энг оғир дамларда Алишер Навоий мероси инсонлар қалбида ёруғ кунларга умид уйғотган. 1941 йилнинг 10 декабрь куни Иккинчи жаҳон урушининг энг мудҳиш дамларида, Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳри даҳшатли қамал исканжасида қолган пайтларда Давлат Эрмитажида Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан илмий-анжуман ўтказилган.

 

Қамалда қолган шаҳар

Адольф Гитлернинг режасига кўра, биринчи навбатда ер юзидан йўқ қилиниши керак бўлган совет шаҳарларидан бири, шубҳасиз, Ленинград эди. У катталигига кўра, иттифоқнинг иккинчи йирик шаҳри саналар, бу ерда уч миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиларди. Ленинград иттифоқнинг ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан катта аҳамиятга эга марказларидан ҳисобланарди.

Шу боис, ҳужумнинг дастлабки кунлариданоқ Ленинградни эгаллаш ва уни ер билан яксон қилишга киришилади. 1941 йил 8 сентябрдан бошлаб, шаҳар немислар ва уларнинг иттифоқчилари томонидан қуршовга олинади. Аммо ленинградликлар сўнгги томчи қонлари қолгунча шаҳарни ҳимоя қилишга бел боғлашади.

Қамал шароитида шаҳарда аҳвол кун сайин оғирлашиб борар, ҳар куни душман кучларининг ҳаво ҳужумлари оқибатда ўнлаб инсонлар ҳаёт билан видолашарди. Айни 1941 йилнинг қиш кунлари бошланиши билан аҳвол янада оғирлашади. Шаҳардаги озиқ-овқат заҳиралари тугаб борар, жон бошига бир неча граммдан нон берилар, каналазиция, электр ва иссиқлик таъминоти тамомила издан чиққанди. Биргина ўша йилнинг декабрь ойида 50 мингдан ортиқ тинч аҳоли вакиллари очлик қурбонига айланади.

 

1941 йил, 10 декабрь...

Ғарбий Европада Иккинчи жаҳон уруши тобора аланга олаётган бир пайтда 1941 йил 12 март куни Низомий Ганжавийнинг 800 ҳамда Алишер Навоийнинг 500 йиллигини нишонлаш ҳақидаги ҳукумат қарори имзоланган эди.

Ленинград даҳшатли қамал исканжасида қолганига қарамасдан, буюк мутафаккирлар таваллуди нишонланаверади. Жумладан, Навоий ижодига бағишланган ижодий кечаларни ташкил қилиш Ленинград зиёлиларининг ўзига хос жасорат намунаси бўлди. 10 декабрь куни Эрмитаж биносига таклиф қилинган шоир ва олимлар, рассом ва зиёлилар очликдан аранг қадам ташлаб, Навоийнинг 500 йиллиги юбилейига етиб келишади.

Фашистлар шаҳарни дамба-дам тўпга тутишар, бомба ёғдиришар, ҳар дақиқада очлик ва ҳужум сабабли ўнлаб инсонлар ўлимга рўбарў келарди. Буюк мутафаккир Навоий таваллудининг 500 йиллиги тадбирларида И.Орбели, Н.Лебедев, Е.Бертельс, Б.Пиотровский. И.Крачковский, В,Рождественский сингари буюк олимлар ва адиблар иштирок этган.

Навоийхонлик орада танаффус билан 10-12 декабрь кунлари ўтказилган. Тадбирнинг учинчи куни рус шоири ва таржимонларидан бири Навоийнинг “Ўн сакиз минг одам ошуби...” деб бошланадиган ғазалнинг русча таржимасини ўқий туриб, гилам устига йиқилиб тушган ва қайтиб ўрнидан турмаган.

Уж так что же, коль в сердце милой восемнадцать тысяч смут,

Милой только восемнадцать, разве люди не поймут...

Ушбу тадбирда машҳур шарқшунос олим Иосиф Орбели шундай деганди. “Бугун жуда мураккаб вазиятда Навоий таваллудини нишонлаяпмиз. Душманлар шаҳарни мажолсиз ва жонсиз деб ўйлаётган бир пайтда бу тадбирнинг ўтаётгани халқнинг мардона руҳидан, унинг букилмас иродасидан дарак беради. Биз, албатта, ғалаба қозонамиз ва тинчлик шароитида Навоий таваллудини муносиб тарзда нишонлаймиз. Аммо душман замбараклари остида ўтаётган бу тадбир инсон хотирасида абадий қолади. Ҳеч нарсага қарамасдан шеърият яшайверади ва уни ҳеч қандай куч мағлуб этолмайди. Биз ҳар доим унинг мафтункор оламига кириб бораверамиз”.

Очлик ва ўлим исканжасида

– Дунёнинг исталган бурчагида Ўзбекистонга оид осори-атиқаларни топиш мумкин, – дейди Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов. – Хусусан, буюк бобокалонимиз Мир Алишер Навоий адабий меросига ҳар доим, ҳар ерда алоҳида эътибор ва эҳтиром билан қаралади. Очиғи, Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли дамларида ҳам Навоий меросига муносиб эҳтиром кўрсата олган ленинградлик олимлар жасорати таҳсинга сазовор. Тасаввур қилинг, ана шундай мураккаб, даҳшатли кунларда, очлик ва ўлим хавфи бутун шаҳарни исканжага олган бир пайтда санкт-петербурглик олимлар Навоий таваллудини нишонлашган. Орбели нутқ сўзлаётганда икки марта кучли портлаш юз беради, ҳамма деразага қарайди. Фашистларнинг иккита бомчаси Нева дарёсига келиб тушганди. Аммо шунга қарамасдан одамлар йиғилишни тарк этмайди, шеърхонлик давом этади. Ахир бу чинакам қаҳрамонлик эмасми? Бугунги тадбирлардан кўзда тутилган асосий мақсад эса ана шу мероснинг аҳамиятини яна бир карра намойиш қилишдан иборат. Олимларимиз россиялик ҳамкасблари билан танишиб, тажриба алмашишди, Санкт Петербургдаги нодир қўлёзмалар ҳақида маълумот олишди, шу билан бирга бугунги Россияда Навоий меросини ўрганиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида тушунчага эга бўлдик.

 – Очлик, муҳтожлик, қаҳратон совуқ, турли касалликлар бутун шаҳарни исканжага олганди, – дейди Давлат Эрмитажи раҳбари Михаил Пиотровский. – Марҳум отам Борис Пиотровский ўша йилларда Эрмитажга раҳбарлик қилган, ундан қамал даҳшатли, ўша пайтда бу ерда ўтказилган навоийхонлик ҳақида кўп эшитганман. Шаҳар фашистлар томонидан қамалга олинган, душман ҳар лаҳзада шаҳар устига ажал ёғдирарди. Аммо олимлар Навоийга бўлган ҳурмат туфайли ўз жонини хатарга қўйиб бўлса-да, тадбирга етиб келган. Ўшанда бутун шаҳарда чироқ ўчган бўлса-да, Эрмитажда электр таъминоти узилмаган. Нева дарёсидаги, бир пайтлар императорга тегишли бўлган “Қутб юлдузи” яхтасидан ток улаб, Эрмитажнинг чироқлари ва муфель печларини ёқишган. “Ленинград форфор заводи” рассоми Михаил Мох милтиллаб ёнаётган печь қаршисида ўтиб, очликдан қалтираб, юбилей бағишланган чинни идишларга Навоий суратини чизган. Ушбу идишлар ҳозир ҳам Эрмитажда сақланади.

 2021 йил, 10 декабрь

...Яна Санкт-Петеребург, яна қишнинг изғирин кунларидан бири, яна Эрмитаж ва навоийхонлик. Фақат орадан саксон йил ўтган. Уруш, очлик ва қамал шаҳарнинг унутилмас, қонли ва шонли ўтмишига айланган. Шаҳарни оппоқ қор қоплаган, не-не суронли кунларнинг гувоҳи бўлган Нева ҳам муз кўрпаси остида сокин мудрайди. Аммо шаҳарда ҳаёт қайнайди.

Буюк шоирнинг 580 йиллиги муносабати билан ташкил этилган бу галги тадбир тинч ва осойишта шароитда, файзли ва тароватли кечди. Навоий ижодидаги инсонпарварлик ғоялари, Россияда сақланаётган Навоий қўлёзмалари, Ҳирот адабий муҳити ҳақида маърузалар ўкилди. Рус ва ўзбек тилларида Алишер Навоий ижодидан намуналар тингланди.

– Бу сафар биз, навоийшунослар учун ҳам ғоят фойдали бўлди, – дейди филология фанлари доктори Афтондил Эркинов. – Саксон йил олдин ўтказилган Навоий юбилейи хусусида эшитгандик, аммо бу ерга келиб, ушбу тадбир қанчалик мураккаб шароитда ўтказилиши чинакам мардлик, Навоийга, адабиётга бўлган беқиёс эҳтиром намунаси бўлганини тушуниб етдик.

Тадбирда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева ижросида Навоий ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилди.

Рустам Жабборов,

Тошкент-Санкт-Петербург-Тошкент.