4 нафар фарзандига алимент тўлашдан бош тортган отага нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг суд буйруғига асосан қарздор У.Х. томонидан ундирувчи Г.М.нинг фойдасига уч нафар фарзандларининг вояга етгунларига қадар моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг иккидан бир қисми миқдорида ундириш белгиланган.

Лекин, қарздор ҳозирги кунгача ундирувчи Г.М.га 23 млн. 367 минг алимент пулларини тўлаб бермаган.

Шунингдек, суднинг суд буйруғига асосан қарздор У.Х. томонидан ундирувчи О.Х.нинг фойдасига бир нафар фарзандининг вояга етгунига қадар моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида 2 млн. 744 минг сўм алимент пулини тўлаб бориши белгиланган бўлса-да, алимент пуллари қарздор У.Х. томонидан қасддан тўлаб берилмаган.

Шу сабабли Нуробод туман маъмурий судининг қарори билан У.Х.га Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисида Кодексининг 474-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Фуқаро У.Х. маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиқиб, ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, қасддан вояга етмаган тўрт нафар фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаб келиши оқибатида бугунги кунга келиб қарздорлиги 32 млн. 740 минг сўмни ташкил этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Нуробод туман бўлими томонидан фуқаро У.Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Zarnews.uz сайтига Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси хабар бермоқда.