Абрамович музёрар яхта сотиб олди
Миллиардер Роман Абрамовичнинг янги саккиз полубали “Солярис” деб номланган яхта сотиб олгани нафақат оддий одамларни, балки пулдорликда ундан қолишмайдиган бойваччаларни ҳам ҳайратга солди.
Гап яхтанинг қимматлигида эмас. Уни жиҳозланишида. Яхта Арктика музликларида ҳам бемалол суза олади: музёрар тумшуғи бор. Бундан ташқари, немис кемасозлари яхтага ракета ҳужумини қайтариш учун радар системаси ўрнатишган. Бошқарув майдончаси қалин ўқ ўтмайдиган ойна билан қопланган. Яна яхтада сув остига 500 метр чуқурликка тушиш учун махсус люк мавжуд. Бассейн, кўнгилочар оқшом учун майдонча, машқ зали ва бошқа хилма-хил эҳтиёжлар учун алоҳида жиҳозланган хоналарнинг саноғи йўқ.
"Хуллас, замонавий, ҳарбий ва фуқаро кемаларига эга бирорта қудратли давлатда бундай мукаммал яхта ҳозирча йўқ", деб ёзади “Daily Mail” газетаси. Унинг ёзишича, Абрамович ҳозирда Исроилда яшамоқда.
У миллиард фунтга ўзининг “Челси” клуби учун қурмоқчи бўлган янги стадионидан воз кечди. Тель-Авивда 17 миллион доллар турадиган меҳмонхона эгаси. Денгиз соҳилида энг қиммат турадиган виллани 50 миллион фунтга сотиб олган. “Daily Mail”нинг таъкидлашича, бу харидлар 430 миллион фунтга сотиб олинган янги яхта олдида арзимас чақа. Бу ҳали яхтанинг охирги баҳоси эмас. Негаки, Абрамович ўзига ўхшаган яхта ишқибози чиқса уни каттароқ пулга сотиб юбориши ҳам мумкин экан.
Бу яхта ишқибози Абрамовичнинг еттинчи мега-яхтасидир.
Т.Шомуродов тайёрлади.