Бахтга ёр доим Навоий, токи Жомий бор экан
Абдураҳмон Жомий 1414 йил 7 ноябрда Нишопур яқинидаги Жом шаҳрида туғилган.
Бобоси Мавлоно Муҳаммад ва отаси Низомиддин Аҳмад сингари Абдураҳмон ҳам қўлига қалам олиб, шеър ёза бошлаган вақтдан бошлаб ўз таваллуд топган шаҳри номини ўзига адабий тахаллус қилиб олган (Баъзи олимларнинг фикрича, "Жом" сўзи "идиш" маъносида тасаввуфий тушунчани ҳам билдиради. Шарқдаги адабий анъанага кўра адабий тахаллус кўп маъноли бўлиши маъқул кўрилган).
У асосий умрини Ҳиротда ўтказди ва шу ерда машҳур шоир ва мутафаккир бўлиб етишди. Болалик чоғидаёқ Жомий зеҳнининг ўткирлиги билан ажралиб турган. Бошланғич маълумотни отасидан олган. У ўз билимини такомиллаштириш мақсадида йигирма икки ёшида ўша кезлардаги энг йирик илмий марказ саналмиш Самарқанд шаҳрига келиб, 1436–1452 йиллар (16 йил) давомида шу ерда билим олган.
Ҳиротда унинг ўқишига Хожа Алоуддин Али Самарқандий, Шаҳобиддин Муҳаммад Жожармий каби машҳур мударрислар ўз ҳиссаларини қўшган бўлса, Жомий турли фанлар бўйича ўз таҳсилини Самарқандда ниҳоясига етказишни ихтиёр қилган. Натижада у араб тили, илоҳиёт, тасаввуф, шеър қоидалари, адабиёт тарихи ва бошқа фанларнинг асосларини жуда эрта ва ўзлаштирган. Улуғбек мадрасасида Улуғбек, Қозизода Румий, Али Қушчи каби алломаларнинг маърузаларини эшитиш шарафига муяссар бўлган. У фиқҳшунос олим, араб тили, "Қуръон", ҳадислар бўйича мутахассис Фазлуллоҳ Абуллайсдан ҳам кўп дарс олган.
Хуросонда Ҳирот тахтига темурий Султон Ҳусайн Бойқаро ўтиргандан сўнг Жомийнинг мамлакатдаги мавқеи жуда ортган. Чунки Султон Ҳусайн ва унинг кўп авлодлари ўзларини унга мурид, деб эълон қилганлар.
Буюк мутаффакир Алишер Навоий ҳам Жомийни ўзига пир деб билган. Ёш жиҳатидан Жомий Навоийга ота қатори – Навоий туғилганида Жомий 27 ёшда бўлган. Жомий ва Навоий ўз даври адабий-маданий, маънавий-маърифий муҳитининг икки буюк устуни эди. Юксак инсоний фазилатлар, меҳр-муҳаббат, одамийлик, самимият, ҳалоллик, садоқат, фидойилик, сўз нафосатини, гўзаллиги ва жозибасини теран ҳис этиш ва буни ўқувчига моҳирона етказа олиш ҳар икки шоир ижодида устувор ўрин эгаллайди. Жомий ва Навоий каби бир-бирининг ижодига таъсир ўтказган замондошлар адабиёт тарихида ноёб ҳодиса ҳисобланади.
Таъкидлаш ўринлики, жаҳон адабиётининг бу икки йирик вакили ҳаётида Самарқанд алоҳида ўрин тутади. Уларнинг иккиси ҳам ёшлик йилларида илм-маърифат истаб ушбу муаззам шаҳарга келган ва бу икки даҳо ҳаётида муҳим аҳамият касб этган. Шунинг учун бугунги кунда Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғи ҳудудида икки буюк мутафаккир – Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкали қад ростлаган. Бу, шубҳасиз, азалий ўзбек ва тожик адабиёти анъаналари давом этиб келаётганидан далолат бериб, халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларнинг ривожланишига хизмат қилади.