Бўлган воқеа: "Светни ким ўчирди?.."

Ёш йигит уйининг пастки қаватида дурадгорлик қиларди. У эшик ва дераза ясаш бобида мутахассис эди.

Аммо пластик деразалар оммалашгани учун унинг хизматига талаб камайиб кетган, шу боис ишлар ҳавас қилгулик даражада эмасди. Бунинг устига болалари катта бўлиб қолган, бири мактабга қатнай бошлаганди. Харажатлар ортгани сабабли, у шогирдига рухсат беришга мажбур бўлди. Энди ишни одатдагидан вақтлироқ бошлар, шогирдига берадиган пулни болаларининг кам-кўстига харжлай бошлаганди.

Дурадгор бир куни ишлаётганида "свет" ўчиб қолди. Узоқ кутди, аммо чироқ ҳадеганда ёнмади. Аксига олиб, ўша куни тугатиши лозим бўлган бир нечта дераза бор эди. Бўш ўтиришни ёқтирмасди у. Ўрнидан туриб, хонани тартибга келтирди, супуриб-сидирди, дастгоҳининг моторини мойлади. Бироз дам олиш мақсадида уйига чиқаркан, хаёлидан электр ўчиргични назорат қилиш фикри ўтди: "Кимдир ўчириб қўйган бўлиши ҳам мумкин-ку".

Мурватларни тепага кўтариши билан чироқлар лип этиб ёнди. Тахминлар тўғри чиққанди, аммо дурадгор буни ҳазм қилолмади. Ҳазил деса, бундай ҳазил бўлмайди. Унга рақобатчилик қиладиган душманлари ҳам йўқ эди яқин атрофда.

Дурадгор устахонга тушиб, ишлай бошлаган ҳам эдики, яна "свет" ўчди. Лекин бу гал у айбдорни кўриб қолди. Ўғли нарвондан секингина тушиб, қаршисида турган отасига дуч келганди. Дурадгор ўн ёшли фарзандининг ахмоқгарчилигини кечиролмади. Унинг касрига бутун куни бекорга кетди, ахир! Бир марта қилса индамасди. Аммо бу ишга такрор қўл уриши қайси тарафдан қаралса-да, катта хато эди. У ўғлининг сочидан тортиб, бир шапалоқ туширди. Бу яхшиликка эди. Балки шу тарсаки унинг нодон бўлиб ўсмаслигининг олдини олар.

Дурадгор ўғлининг кўз ёшларини кўрмаганга олиб, ошхонага ўтиб, хотинига бақира кетди:

– Бу боланг мактабда кимларга қўшилганини билишимиз керак! Агар уни ўз ҳолига қўйсак, бошимизга не балоларни солади.

Шундан сўнг дурадгор бироз ўйга толди ва хаёлига бир фикр келди. Ўғлининг ҳар куни қолдирмасдан ёзиб юрадиган кундалигини текшириб кўриш керак, балки дўстлари ҳақида бирор белги бордир? Хотини қарши бўлса-да, унга қулоқ солмади ва ўғлининг кундалигини ўқий бошлади.

Ўғли кундаликнинг охирги саҳифасида шундай деб ёзган экан:

“Бугун ёмон туш кўрдим! Устахонада ишлаётган отамни ток урди. Худойим, уни ўз паноҳингда асра!.. Мен қўлимдан келган ишни қиламан!...”