«Динамо» ҳам «Турон» ва «Андижон» сингари бюджетдан пул олаётгани йўқ». ПФЛ директори «Динамо»ни эътироф этиб, Турдимовга миннатдорчилик билдирди
Ўзбекистон профессионал футбол лигаси бош директори Диёр Имомхўжаев телеграмдаги каналида Самарқанднинг «Динамо» клуби фаолиятини эътироф этди.
ПФЛ раҳбари кўҳна шаҳарликларнинг камтарона бюджет билан Суперлигага чиқа олганини эътироф этиб, клубдаги тартибли иш тизими учун Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва клуб ҳомийси «Agromir Buildings»га миннатдорчилик билдирди, дея хабар бермоқда клуб матбуот хизмати.
«2021 йилда минимум харажат билан максимал натижа қайд эта олган клуб сифатида «Динамо»ни тан олишимиз тўғри бўлади. Улар исрофгарчиликка йўл қўймади, IMHO.
Айтайлик, «Динамо» йил давомида қарздорлик масаласи билан умуман ўралашгани йўқ ва барча масаласини тартиб билан олиб борди. Сметаси катта бўлмаса ҳам, Суперлига йўлланмасини қўлга киритишга эришди. Биздаги маълумотга кўра, йил аввалида клуб сармоядорлари бундай смета билан Суперлига йўлланмаси қўлга киритилишига ишонмаган. Аммо якунда клуб ўзи тақдим этган режани амалга ошира олди ва сармоядорлар ҳурматига сазовор бўлди. Бу биз учун ўта аҳамиятли. Яъни, футболга пул бераётган томонда футболга нисбатан ишонч бўлиши жуда муҳим.
«Самарқанд Динамо» клуби "де юре" вилоят жамоаси бўлса-да, "де факто" хусусий сектор томонидан молиялаштирилади. Яъни, клуб таъсисчилари ва бошқа масалаларни инобатга олмаса, бу жамоа ҳам «Турон» ва «Андижон» сингари бюджетдан пул олаётгани йўқ. Вилоят ҳокими ўз интервьюларидан бирида бу масалага тўхталиб ўтганди.
Жамоанинг асосий муаммоси — ўз стадионига эга эмаслиги. Ишонамизки, яқин келажакда бу масала ҳам ҳал этилади. Футбол стадиони биринчи навбатда футбол ва ундан кейин бошқа йўналишларга хизмат қилиши, шунингдек, футбол стадионига футбол клуби эгалик қилиши катта аҳамият касб этади. Биз шундай шароитда ҳам 2021 йилги мавсумда Самарқандда 2 та катта футбол учрашувини яхши савияда ўтказишга эришдик. Қўшимчасига, «Динамо» стадиони прожекторлари талабга жавоб берадиган кўринишга келтирилган ва клуб ҳомийлари футбол мактаби майдонини ҳам реконструкция қилиняпти.
Жамоанинг бугунги йўналиши учун вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва «Agromir Buildings»’га миннатдорчилик билдирамиз», - дея ёзади ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев.