Эркинжон Турдимов нодир шахсий кутубхонага эга тарихчи олимнинг хонадонига борди

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов таниқли тарихчи олим, Маҳдуми Аъзам Даҳбедий илмий-тадқиқот фонди раҳбари Комилхон Каттаевнинг хонадонига бориб, олим ва унинг оила аъзоларини Янги йил байрами билан табриклади.

  – Биз сизнинг юртимиз тарихини ўрганиш, заминимиздан етишиб чиққан буюк алломалар, айниқса, Даҳбедийлар маънавий меросини тадқиқ этиш борасидаги ишларингизни яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз, – деди Э.Турдимов. – Энг нодир китоблар жамланган бой шахсий кутубхонангиз зиёсидан халқимизни баҳраманд этиш борасидаги ишларингиз ҳам эътирофга лойиқ. Биз бу кутубхонани асраб-авайлаш ва уни келгуси авлодларга ҳам безавол етказишингиз учун сизни қўллаб-қувватлашга ва ёрдам ёрдам беришга тайёрмиз.

Комилхон Каттаев вилоят ҳокимига шахсий кутубхонасида сақланаётган 200 дан ортиқ нодир китобларни кўрсатди. Қадимий Самарқанд қоғозида битилган 500-800 йиллик тарихга эга Хўжа Аҳрори Валий мақомоти, Мовароннаҳрдан етишиб чиққан алломалар, Муқимхон тарихи, Аҳмад Яссавий тариқати ҳақидаги ва бошқа китоблар тўғрисида маълумот берди.

Вилоят ҳокими ушбу китобларнинг таржималари бор-йўқлиги билан қизиқди ҳамда уларни кенг тадқиқ этиш учун олим ва унинг сафдошларига шароит, имконият яратиб беришга тайёрлигини билдирди.

Тарихчи олим вилоят ҳокимига миннатдорлик билдириб, ўз китобларидан туҳфа қилди.