Испания COVID-19 вирусидан касалланган одамлар сони бўйича Италияга яқинлашиб қолди
Сўнгги кеча-кундузда Испанияда 8.1 минг нафар янги касалланганлар аниқланди. Мамлакатда коронавирус оқибатида вафот этганлар сони 10 минг нафардан ошиб кетди. Кейинги бир кеча-кундузнинг ўзида мамлакатда 950 нафар бемор вафот этди. Бу ҳақда бугун Испания Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
COVID-19 вирусидан касалланиш сони бўйича Испания деярли Италияга етиб олди. Италияда бугунги кунгача, умумий ҳисобда 110.4 минг нафар касалланган қайд этилган бўлса, ушбу кўрсаткич Испанияда 110238 нафарга етган.
Испанияда фавқулодда тайёргарлик режими 11 апрелга қадар узайтирилди. Аҳоли фақатгина ўта зарур ҳолларда кўчага чиқишлари мумкин. Жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари хариди учун, касалхонага етиб олиш учун, соғлиқлари ёмонлашган одамларга ёрдам кўрсатиш учун ва касблари тақозо қилган ҳодимларга ишхонага етиб олишлари учун рухсат берилган. Ҳукумат 9 апрелга қадар мамлакатдаги барча ҳаётий зарурат билан боғлиқ бўлмаган фаолиятларни тўхтатди.