Касаба уюшмалар ишчи-ходимлар меҳнатини қандай муҳофаза қиляпти?
Бу саволга Самарқанд шаҳрида "28 апрель - Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни" муносабати билан ташкил этилган минтақавий семинарда жавоб изланди.
Унда Қашқадарё, Навоий, Жиззах ҳамда вилоятимиздаги тармоқ касаба уюшмаси вакиллари иштирок этди ва тажриба алмашди.
Дастлаб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгаши раиси С.Рафиқов вилоятдаги корхона-ташкилотларда, таълим муассасаларида меҳнат муҳофазаси борасида кейинги пайтда самарали ишлар қилинаётгани, ишчи-ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратилаётганини таъкидлади.
- Кейинги йилларда юртимизда меҳнат муҳофазаси маданияти шаклланиши анча ўзгарди,- дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аппаратининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Ғойибназарова. - Яна бир муҳим жиҳати, республикамиздаги корхона ва ташилотларда иш берувчи томонидан аввало ишчи-ходимлар учун муносиб меҳнат шароити яратиляпти.
Шунингдек, тадбирда вилоят бандлик бош бошқармаси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда касаба уюшмаси вакиллари мавзу доирасида маълумот беради.
Таъкидланишича ўтган 2021 йил давомида республика бўйича 203 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган бўлиб, шундан 59 тасида ўлим қайд этилган. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар оқибатида 235 нафар ишчи турли тан жароҳатини олган, 62 нафари вафот этган. Ўрганишлар натижасида 67 нафар ходимнинг меҳнат қобилияти йўқолганлик даражаси аниқланган.
Тадбирдан сўнг меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги бир нечта ташкилотларда бўлиб, у ерда ишчи-ходимлар учун яратилган шароит билан танишди.
Ҳусан Элтоев.