Катта даромад келтирадиган бўм-бўш бино
Манхеттендаги тепасида машҳур Янги йил шари ўрнатилган “One Times Square” биносининг ичи бўм-бўш. Шундай бўлишига қарамай, бу бино ўз эгаларига катта фойда келтиради.
Бу қандай бўлиши мумкин?
1995 йилда кўчмас мулкни сотиб олган “Lehman Brothers” компанияси ижарачиларнинг янги - реклама берувчилар турини тақдим этди. 25 қаватли бино ичидаги офисларни ижарага бериш ўрнига улар реклама майдони сифатида фойдаланиб, бинонинг олд қисми - фасадини бильбордлар билан тўлдира бошладилар. Ва бу анча фойдали бўлиб чиқди.
1997 йилга келиб, фасадни ижарага беришдан олинган фойда 400 фоизга ошди. 16 йилдан сўнг, бинода биринчи қаватнинг фақат бир қисми банд қилиниб, унда Walgreens дорихонаси ҳамда ҳар йили Нью-Йорк аҳолиси ва меҳмонлари учун Янги йил байрами кунлари машҳур шар шоусини ўтказадиган “Countdown Entertainment” компаниясининг офиси жойлашди. Айтганча, бу шар бутун йил давомида “One Times Square”да сақланади.
Дастлаб иншоот 1905 йилнинг январь ойида унга кўчиб ўтган “New York Times” газетаси учун қурилган эди. Таҳририят эгаси Адольф Очс майдонга газета номини беришни (Таймс-сквер) таклиф қилди. У янги штаб-квартирасини тарғиб қилиш мақсадида ушбу майдонда ярим тунда бино томидан отилиб чиққан гулхан ва мушакбозликлар билан Янги йил байрамини ўтказди. Анъана илдиз отди, 4 йил ўтгач, Адольф Очс гулханларни шар билан алмаштиришга қарор қилди, ўшандан бери бу шар ҳар йили Янги йил арафасида жонланади.
2012 йилда журналистлар бинонинг ҳозирги тахминий қиймати 495 миллион доллар деб баҳоланган ҳужжатларни топишди. Агар ушбу қиймат 1995 йилда “Lehman Brothers”га сотилган 27,5 миллион доллар билан солиштирилса, албатта, бу жуда ҳайратланарли.
2017 йилда иншоотнинг бўш майдонида янги Таймс-сквер музейи ва расадхонаси яратиш режалари эълон қилинди. Ҳозирда ҳам осмонўпар бинонинг жабҳаларида кўплаб анъанавий ва электрон реклама тахталари мавжуд. Катта реклама даромадлари туфайли “One Times Square” биринчи электрон реклама пайдо бўлган дунёдаги энг қимматли реклама платформаларидан бири ҳисобланади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.