Мактабда деворий газета ташкил қилинг: Ишингизни кўрсатади, ижодкор ўқувчиларга рағбат бўлади
Мактабда ишлаётганимга 20 йил бўлгач, ўқувчилар ўртасида адабий муҳитни яратиш, уларни адабиётга янаям яқинлаштириш ҳақида ўйлай бошладим. Синфларга кириб, ўзбек адабиёти, кейинчалик жаҳон адабиёти асарлари ҳақида суҳбатлар ўтказдим. Ҳар бир суҳбат охирида Қуддус Муҳаммадий, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф шеърларидан парчаларни ёддан айтиб берардим. Шунда айрим ўқувчиларнинг кўзларида учқунлар пайдо бўлганини кўрдим, бундай суҳбатлар улар учун жуда зарурлигини англадим.
Мактабда адабиёт тўгараги ташкил қилдим. Бу тўгаракка ҳафталаб, ойлаб синфларга кириб, суҳбат ўтказиб, ҳар синфдан 2-3 та адабиётга мойиллиги бор ўқувчини аниқлаб, саралаб олиб, жами 15-20 ўқувчини йиғдим. Олдинига уларни республика ўқувчилар нашри “Гулхан” журналида чоп этилган тенгдошларининг ижоди билан таништирдим. Ўз тенгдошларининг шеърлари, эртаклари ўз фотосурати билан чиқарилганини кўриб, уларда қизиқиш, ҳавас уйғонди. Олдинига тортиниб турган ўқувчилар, ўзлари ҳам шеър, эртак қоралаганини айтишди.
Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтиш керак, ўқувчиларда тортиниш, иккиланиш деган нарса бор. Уларнинг юрагига журъатни олиб кириш керак. “Сен ҳеч кимдан кам эмассан, “Гулхан” журналида, “Тонг юлдузи” газетасида ижоди берилган ўқувчилар ҳам сен тенгги болалар” деб, уларга юрагига далда беравердим, умид уйғотишга ҳаракат қилдим.
Ниҳоят 2013 йил март ойида адабиёт тўгарагимизнинг “Бойчечак” деворий газетаси илк сонини чиқардик. Газетага эпиграф қилиб, Навоий ҳазратларининг “Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила, Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин юз ганж ила” сўзларини олдим. Газета уч устундан иборат бўлди. Биринчи устунга ижодкор ўқувчининг каттагина сурати, тагига “Танишинг” рукни билан у ҳақида маълумотлар, иккинчи, учинчи устунларга унинг ижоди намуналари берилди. Ҳар бир шеърнинг тепа қисмига шу шеър мавзусига мос расм ёпиштирилди. Деворий газета айрим шўхроқ болалар чизиб ташламаслиги учун шиша ойнали рамкага жойлаштирилиб, мактаб коридорининг кенг фоесига илинди.
Энди танаффусда ўқувчиларнинг югуришини кўрсангиз, деворий газета атрофи ғужғон баҳс, кимдир баланд овозда ундаги шеърларни ўқийди, ким суратини томоша қилади. Табиийки, бу нарса мактаб ўқувчиларининг 80-90 фоизини қизиқтириб қўйди. Сурати ва ижоди газетада ёритилган ўқувчи бўлса, мақтовлардан осмонда! Ҳамма унга ҳавас билан қараган...
Бу ўқувчига янада далда, рағбат бериш учун унга мактаб маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқ ёздирдим, синф раҳбарини битта бидиий китоб олишга кўндирдим. Синфга кириб, раҳбари иштирокида унга муваффақиятлар тилаб, ўқувчилар ҳузурида мукофотларни топширдик. Албатта, бу нарсалар озгина бўлса-да, уни ижод сари, адабиёт сари ундашига ишонардим. Деворий газета ҳақидаги яхши хабарлар ўқувчилар орқали ота-оналарга етди ва айрим ота-оналар мактабга келиб, миннатдорлик билдиришди.
Аста-секин адабий тўгарагимизга келувчи ўқувчилар сони ошди. Ҳар икки-уч ойда газетамизнинг янги сони чиқар ва мактабимиз янги ижодкорининг каттагина сурати деворий газетани безаб турарди. Табиийки, айрим қизиқувчи ўқитувчилар ҳам газетани ўқиб кўриб, “менинг синфимда ҳам бир ўқувчи бор, ажойиб шеърлар ёзади, бир кўриб чиқсангиз”, дейишарди. Албатта, ўша ўқувчининг шеърларини таҳлил қилиб, керакли маслаҳатлар берардим.
Ниҳоят йил охирида тўгаракнинг энг яхши қатнашчиларидан икки-уч нафарининг ижод намуналарини туман ҳокимлигининг “Нуробод” газетасига, вилоят ўқитувчиларининг “Маърифат нури” газетасига, “Гулхан” журналига юбордим. Ушбу матбуот саҳифаларида ўқувчиларимиз ижоди ёритилиши мактабимиз учун қувончли воқеа бўлди. Доимий равишда ижодий мулоқотлар бизни “Гулхан” журнали билан яқинлаштирди. Ўзим раҳбарлик қилган 6-синф ўқувчиларини “Гулхан” журналига обуна қилдиришга эришдим. Бу тарғибот ишларини қўшни 57, 64, 71- мактабларга ҳам ёйдик. Шунинг учун бўлса керак, “Гулхан” журнали мени Самарқанд вилояти бўйича журнал тарғиботчиси деб эътироф қилди.
Мактабни анча йиллар олдин битирган бир шогирдим қўнғироқ қилиб, “Устоз, ўғлим дўппа-дуруст эртаклар ёзяпти, бир кўриб берсангиз”, деб қолди. Ўғли қўшни 64-мактабда ўқир экан. Ёзган эртакларини ўқиб кўрдим. Иккитаси маънили, тарбиявий аҳамияти бор. Имло хато, бўғин кўчиришдаги нуқсонларини кўрсатдим. Муаллифнинг гапи ва кўчирма гап ёзилаётганда тиренинг ишлатилишини ўргатдим. Ҳарфнинг ёзилишида ҳуснихатга эътибор бериш лозимлигини тушунтирдим. Хуллас, эртагини 4-5 марта ўзига қайта ишлаттириб, туман газетасига юбордик. Газетада сурати ва эртаги чиққан кун ўқувчи ҳам, ота-онаси ҳам хурсанд бўлишди. Озгина ҳаракат билан, ўқувчи қалбида ишонч учқунини уйғота олганимдан ўзим ҳам мамнун бўлдим.
Мактабларда тарғиботчи лавозимида ишлаётганларга маслаҳатим, мактабингизда деворий газета ташкил қилинг. Бу биринчидан, сизнинг ишингизни кўрсатади, иккинчидан, ижодкор ўқувчиларга яхши рағбат бўлади...
2013 йилдан ҳозиргача “Бойчечак” деворий газетамиз фаолияти тўхтагани йўқ. 2021 йил пенсияга чиқдим, лекин мактаб директори ва Ёзувчилар уюшмаси тавсияси билан мени мактабнинг ижодий-маданий масалалар тарғиботчилигига ишга олишди. Ижодкор ўқувчилар билан ишлаяпман, улар ижодини матбуотда ёритяпман. Мактабга таниқли шоир ва ёзувчиларни таклиф қилиб, ижодий учрашувлар ташкил қиляпман. Асосийси, деворий газетанинг ҳар сонида бир ўқувчининг ижоди бериб бориляпти. Бу мен учун ҳам маъсулият, ҳам келажак олдида шарафли ишимдир.
Бобораҳмат МУҲАММАДИЕВ,
Нуробод туманидаги 56-умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.