Масъулларнинг масъулиятсизлиги янги муаммолар келиб чиқишига сабаб бўляпти

Шу йил 21 июль куни вилоят ҳокимининг телеграм мессенжерига Пахтачи туманининг Мирзо Олим маҳалласида яшовчи Аҳмад Вафоқулов тадбиркорлик юритиш учун ер майдони ажратишда кўмак сўраб мурожаат қилди.

Мурожаатнинг мазмуни қуйидагича: «Пахтачи туманининг яшаш манзилимга яқин бўлган Мирзо Нодим маҳалласи 127-контуридаги туман ҳокимлиги захирасида турган 6 сотих ер майдонини олиб, бу ерда тадбиркорлик юритиш учун туман ер ресурслари ва кадастр бўлимига бир неча марта мурожаат қилдим. Ҳар бир мурожаатимдан кейин ушбу идора ходимлари келиб, бу ер майдони аукционга қўйилсагина уни сотиб олиб, фаолият юритишим мумкинлигини айтишди. Ҳатто вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ўринбосари ҳам ер майдони аукционга қўйилишини таъкидлади. Рози бўлдим. Аммо мана, қарийб 5 ойдирки, ишим бир томонга ҳал бўлмайди: кадастр ходимларидан бири ер майдонини «Аукционга қўямиз», дейди, бири «Бу сувли ер майдони, мумкин эмас», дейди. Яна бири «Аукцион бўлади, тизимга киритдик», деса, бошқаси мурожаатимни «ёпиш» учун вилоят ҳокимлигига видеолавҳа тайёрлаб, «Биз келдик, фуқаро келишишдан бош тортди», деб алдайди. Мен эса тадбиркорлик фаолиятимни бошлолмай сарсонман».

Ер майдони нега аукцион савдосига қўйилмади?

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш, ҳолат билан танишиш ва бу борада тадбиркор ҳамда мутасадди раҳбар ва мутахассисларнинг фикрини билиш мақсадида Пахтачи туманида бўлдик.

Султонобод шаҳарчасида туман ҳокими М.Ҳамдамовга дуч келдик. У ҳозиргина ушбу мурожаатда кўтарилган масалани ечиш, унга ойдинлик киритиш мақсадида мурожаатчи ва мутахассислар билан бирга жойида гаплашиб олгани, Аҳмад Вафоқулов фақат туман ер ресурслари ва давлат кадастри идорасига тадбиркорлик юритиш ва бу ер майдонини ажратиш бўйича мурожаат қилгани, аммо бирор марта ўзига муаммо юзасидан учрашмагани, ариза ҳам ёзмаганини айтди. «Агар А.Вафоқуловнинг мақсади тадбиркорлик қилиш бўлса, туманимизда бундай фаолият юритиш учун ер майдонлари бор. Аммо у айнан шу ер майдонини олмоқчи. Бироқ бу жой сувли ер бўлганлиги боис аукцион савдосига қўйиб бўлмайди», деди ҳоким.

Шундан сўнг биз туман ҳокимлиги вакили, вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси мутахассиси, туман кадастр идораси раҳбари, архитектор ва А.Вафоқулов билан бирга мурожаатга сабаб бўлган ер майдонига бордик.

Дастлаб кўрганимиз ва билганимиз шу бўлди: биринчидан, ер майдони 6 эмас 9 сотих экан, иккинчидан, бу ерда иссиқхона қуриш учун ёғочдан каркас тайёрланиб, ерни экин экишга ҳозирлаб қўйишибди.

- Мен 5 ойдан буён ушбу 127-контурдаги бўш турган ва янтоқ босиб хароба ҳолга келиб қолган ер майдонини олиб, тадбиркорлик қилиш учун «югур-югур» қилиб, ер тузувчилар алдови, «ноғорасига ўйнаб» юраверибман, - дейди Аҳмад Вафоқулов. – Аввал туман кадастр идорасида ишловчи Жонибек, Асрор исмли ходимлар, сўнгра ўзини вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи ўринбосариман, деб таништирган Мухтор исмли йигит менинг мурожаатимни ўрганиб, «Масала сиз сўраган ер майдонининг аукцион савдосига қўйилганидан кейин, танловда қатнашиб сотиб олсангиз ҳал бўлади», дейишди. Орадан анча вақт ўтиб, май ойида уларга қайта мурожаат қилганимда «Аукционга чиқарилди, мана, кўринг, 1 июнь кунлари савдоси эълон қилинади», деб ушбу ер майдонининг савдо учун махсус тизимга киритилгани ҳақидаги хабарномани кўрсатди. Майлига, ҳар бир иш қонуний бўлгани дуруст, савдо танловида қатнашиб, ер майдони нархи қанча бўлса сотиб олиб, бу ерда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси қураман ва 4-5 кишини иш билан таъминлаган ҳолда фаолият бошлайман, деб ният қилдим. Афсуски, орадан яна анча вақт ўтгач, улар «Сиз сўраётган ер майдони сувли ер сирасига киради. Сувли ер майдонини эса аукционга қўйиб бўлмайди», дейишди. Бунга нима дейсиз? Қани бу ерда мантиқ? Агар 127-контур қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган сувли ер майдони ва аукционга қўйиш зид бўлса, қандай қилиб айнан шу контур ҳудудида намунали лойиҳадаги уй-жойлар, тўйхона, автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси, аҳоли уй-жойлари, савдо объектлари қурилган?



А.Вафоқуловнинг бу саволларига туман ер ресурслари ва давлат кадастри бошлиғи Аҳрор Қаҳҳоровнинг жавоблари шундай бўлди:

- Тўғри, ушбу маҳалла ҳудудидаги 127-контур сувли майдон сирасига киради. Бироқ 2013 йилда Президент қарори билан ушбу контур бош режа асосида намунавий лойиҳадаги уй-жойлар барпо этиш ва атрофида зарур инфратузилма объектларини қуриш учун рухсат берилган. Шу боис, ўша йили бу ерда намунали лойиҳадаги уй-жойлар, тўйхона, автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси ва бошқа инфратузилма объектлари қурилган.

Низоли ер майдонининг аукцион савдосига қўйилиши билан боғлиқ масалага келсак, кўп йилдан буён фойдаланилмай келинаётгани, ташландиқ ҳолатда эканини инобатга олиб, А.Вафоқулов бу ердан самарали фойдалансин, деган мақсадда аукцион савдосига қўйиш учун «YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизимига зарур ҳужжатларни тайёрладик. Бироқ қўмитамиздан ушбу ер майдони тадбиркорлик қилиш учун аукцион савдосига қўйилиши мумкин эмаслигини билдиришди.

- Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан тадбиркорлик юритиш учун фақатгина жойлардаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари фуқароларга электрон онлайн-аукцион орқали берилади, - дея қўшимча қилди вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси мутахассиси Шакарбой Бўтаев. – Шунга кўра, Аҳмад Вафоқулов сўраётган ер майдони қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси саналади ва бу ерда фақат деҳқон хўжалиги сифатида фойдаланишга рухсат берилади.



Мана шу жавоблардан сўнг ҳақли савол туғилади: А.Вафоқулов 5 ойдан буён алдангани, шунча вақт сарсон бўлгани боис бу ерни деҳқон хўжалиги сифатида фойдаланиш учун бўлса ҳам оламан, деган. Аммо ер ресурслари ва давлат кадастри ходимлари унга бу борада жўяли маслаҳат ҳам, таклиф ҳам, кўмак ҳам, ҳатто мурожаатига жавоб ҳам бермаган. Нега? 

Бир ўзбошимчалик иккинчи ўзбошимчаликни олиб келди

Мақоламиз аввалида «Бу ерда иссиқхона қуриш учун ёғочдан каркас тайёрланиб, ерни экин экишга ҳозирлаб қўйишибди», деган эдик. Хўш, 5 ойдан буён бу ер майдонида бир фуқаро тадбиркорлик фаолияти юритиши учун уни харид қилиш мақсадида у идорадан бу идора эшигига чопса-ю бошқа фуқаро бу ер майдонида иссиқхона қура бошласа. Буни қандай тушуниш мумкин? Маҳалла оқсоқоли, профилактика нозири, мутасадди идоралар вакиллари, туман ҳокимининг тегишли ўринбосари бу ҳолатни кўришмаганми? 

- Кейинги йилларда айрим сабабларга кўра оиламиз оғир аҳволга тушиб қолди, оқибатда рўзғор тебратишга қийналдим, - дейди туманнинг «Ҳунарманд» маҳалласида яшовчи Марғуба Сиддиқова. - Фарзандларим дастёр бўлиб қолган, шунинг учун ер майдони олиб, деҳқончилик қилиш мақсадида туман ҳокимлигига мурожаат қилдим. Бироқ натижа чиқмади. Шундан кейин уйимнинг қарама-қарши томонида жойлашган, йиллар давомида янтоқ босиб, ташландиқ ҳолга келган ушбу ер майдонини тозалаб, иссиқхона қуриб, маҳсулот етиштириш учун ишга киришдим. А.Вафоқулов бу ерни сотиб олмоқчи эканидан хабарим йўқ.

- Ер майдонини эгаллаш учун қонуний йўлни танлаш, зарур ҳужжат тўғрилаш, ҳокимлик рухсатини олиш керак. Ўзбошимчалик билан ерни эгаллаб олиш жиноят эканини наҳотки билмадингиз, - сўраймиз М.Сиддиқовадан.

- Биламан, аммо олдимиздаги Ғулом ака деган киши катта ер майдонини ноқонуний эгаллаб олган, йўлимизни ҳам ёпиб қўйган, унинг бу иши жиноят эмасми? Унга ҳеч ким индамагач, ташландиқ ерни фойдали майдонга айлантириб, бу ерда экин етиштирсам ҳам рўзғоримга, ҳам давлатга фойда бўлади, дедим-да.

Мана сизга жавоб. «Битта қонунбузарликдан кўз юмиш иккинчисини, бир ўзбошимчалик иккинчи ўзбошимчаликни олиб келади», деганлари шу бўлса керак.

Хўш, ортиқча ер майдонини ноқонуний эгаллаб олган «Ғулом ака деган киши» ким? Тадбиркорми ё деҳқон хўжалиги соҳиби? Ростдан ҳам катта ер майдонини ноқонуний равишда эгаллаб олганми? Бизни шу саволлар қизиқтирди. Негаки, у кишига тегишли ер участкаси айнан низога сабаб бўлаётган ер майдонига туташ.

Ўзини Ғулом Норбўтаев деб таништирган бу кишининг бизга тақдим қилган ҳужжатларига кўра, Пахтачи тумани ҳокимининг 2013 йил 7 ноябрдаги 602-сонли қарорига асосан низоли ернинг «М-37» йўли томонидан 15 сотих майдони маиший хизмат мажмуаси ва савдо дўкони қуриш учун ўғли Жавлон Ҳасанов номига ажратиб берилган. Айтишича, барча ҳужжатлари жойида, ҳокимнинг қарори бор. Бироқ туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси тақдим этган ҳужжатларга кўра, Ж.Ҳасанов ажратиб берилган ер майдонига яна 16 сотих ер майдонини ҳам қўшиб, жами 31 сотих ерни эгаллаган, шунингдек, ушбу ер майдонини шлакоблокли девор билан ўраб олган. Шу боис, ишни судда кўриш учун ҳужжат тайёрланган.

 “Бу ер ичимлик суви қувури ҳимоя ҳудуди”

Мурожаатни ўрганаётганимизда ёши катта кишилар - Мирзо Нодим маҳалласи раиси Бурхон Эштоев ва “Ҳунарманд” маҳалласи фаоли Рўзигул Қурбонова ёнимизга келиб, муаммо юзасидан бир фикрни айтиб қолди: “Бу ер участкалари йиллар давомида бекорга бўш тургани йўқ. Чунки ер остидан ичимлик сув қувури ўтган”. Улар шундай дея қувурнинг аниқ қаердан ўтганлиги ҳақида икки хил фикр билдирди. Бунга аниқлик киритиш мақсадида “Самарқанд сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти Пахтачи тумани бўлимига қўнғироқ қилдик. Маълум вақт ўтиб, мазкур корхона бошлиғи ўринбосари Юсуф Шернаев келди.

- Ушбу ер майдонининг 1,2 метр чуқурлиги остидан диаметри 200 миллиметр бўлган тоза ичимлик сув қувури ўтган, - деди Ю.Шернаев. - Бу қувур қарийб қирқ йилдан буён мавжуд. Мирзо Олим маҳалласи ҳудудидан бошланган ва ушбу ер майдони остидан ўтиб, «М-37» автомобиль йўлининг ўнг томонидан Ёбу маҳалласигача тортилган. Шунинг учун бу ер майдонида тадбиркорлик қилиш, қурилиш ишларини олиб бориш тақиқланади. Негаки, белгиланган тартибга кўра ушбу сув қувуридан ҳар иккала томонга 7,5 метрдан ҳимоя ҳудуди мавжуд. Бу ер майдонидан фақатгина бир йиллик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирган ҳолда фойдаланиш мумкин. Шунда ҳам агарда қувурда носозлик келиб чиқса, уни созлаш учун экин майдонига техникаларимизни киритиш, экинга зарар келтирилса, уни ўз ҳисобидан қопланишига рози бўлиши ҳақида корхонамиз билан тузилган шартнома асосида берилади. Кўп йиллик экин, масалан, дарахт ва буталар экишга рухсат берилмайди.

Масалани вақтида ечишга ҳеч ким ҳафсала қилмаган

Мутахассиснинг бу гапи масалага ойдинлик киритди. Демак, бу ер майдонидан тадбиркорлик қилишга рухсат берилмайди. Аммо савол кетидан савол туғилаверади.

Хўш, ушбу ичимлик сув қувури қирқ йил аввал тортилган экан, нега етти йил олдин Ж.Ҳасановга маиший хизмат мажмуаси ва савдо дўкони қуриш учун бу ердан жой ажратилган? Тадбиркорнинг ҳужжатларини кўрганимизда “Самарқанд сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти Пахтачи тумани бўлими (аввалги “Сувоқова” ДУК туман филиали) раҳбари бу ерда тадбиркорлик юритиш мумкинлиги ҳақида хулоса берган. Ю.Шернаевга бу ҳақда айтганимизда “У вақтда мен бу идорада ишламасдим”, деди. Хўп, ўша пайт ишламаган экан, ишлаган вақтида тадбиркорга бу ердан сув қувури ўтказилганини билдириши, иморат қуриш, шлакоблокли девор билан ўраб олиш мумкинмаслигини айтиши керакмасмиди? Ёки бу ҳақда туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тақдимнома киритиши лозиммасмиди?

Ж.Ҳасанов 2013 йилда ер майдонини туман ҳокими қарори билан олган. Буни қонуний ҳам дейлик. Нега ҳокимлик, қурилиш бўлими, солиқ идоралари унинг фаолият юритмаётганига эътибор қаратмаган? Белгиланган ер майдонидан ортиқча жойни эгаллаб олгани, наҳотки, шу пайтгача ҳеч кимни қизиқтирмаган? Шунингдек, Мирзо Нодим ва “Ҳунарманд” маҳалласини ажратиб турувчи ариқнинг қарийб 100 метр ҳудуди ва “Ҳунарманд” маҳалласининг ариқ ёқаси ва йўлини икки томондан девор билан ёпиб қўйгани қайси қонун ва одамгарчилик меъёрларига тўғри келади?

127-контурдаги автомобилларга газ қуйиш шохобчаси бош режа асосида қурилган экан, унинг ёнидаги иссиқхона яқинда лой девор билан ўралган. Девор ҳам ичимлик сув қувури устидан қурилгани аниқ кўриниб турибди. Бунга ким барҳам беради?

Энди ўзингиз айтинг, А.Вафоқуловнинг бу ер майдонидан тадбиркорлик қилиш учун жой танлаганига шу каби ўзбошимчаликлар, хусусан, Ж.Ҳасановнинг савдо дўконини кўриб, “Бу ерда фаолият юритса бўларкан”, деган хулосага келгани сабаб эмасми? Қолаверса, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ходимлари 127-контурни сувли майдон, деган. Унда нега 2020 йил май ойида айнан шу контурдан 3 сотих ер майдони “E-IJRO AUKSIОN” савдосига қўйилиб, сотилган. Бу ҳолат қайси мантиққа тўғри келади? А.Вафоқуловнинг вилоят ҳокими телеграм мессенжерига шу ер майдонини аукционга қўйилишида кўмак беринг, дея қайта-қайта мурожаат қилаётгани сабабларидан бири ҳам шу эмасми?

Туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, туман ер ресурслари ва давлат кадастри ҳамда сув таъминоти идоралари масалага масъулият билан ёндашганида мазкур муаммо аллақачон ечимини топган бўлар, А.Вафоқулов 5 ой сарсон бўлмай бирор жойда тадбиркорлигини бошлаган ёхуд ўзи сўраган жойда деҳқон хўжалиги ташкил этган, М.Сиддиқова ҳам ўзбошимчалик билан ерни эгаллаб, шундоғам қийналиб турган рўзғоридан орттириб, харажат қилмаган бўлар эди.

Шу ўринда туман ҳокимлиги ва қишлоқ хўжалиги бўлими мутасаддиларига бир таклифимиз бор. Кўряпмиз, туманда иссиқхона қуриш, кам ҳосилли ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва деҳқончилик маданиятини ошириш бўйича кўп ишлар қилиняпти. Бу яхши. Мазкур ер майдонида ҳам деҳқон хўжалиги ташкил этилиши мумкинлигини инобатга олиб, мурожаатчи ва бошқа аҳолига 2-3 сотихдан бўлиб берилса ва бир хилдаги ихчам, енгил конструкцияли иссиқхона қурилса, ўнлаб киши ишли ва даромадли бўлади.

Акрам Ҳайдаров,
“Зарафшон”нинг махсус мухбири.
***
Бахтиёр Мустанов олган суратлар.