Муаммони яшириш тараққиётга тушов бўлади
Муаммони яшириш тараққиётга тушов бўлади
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг иккинчи сессиясида ана шундай хулосага келинди.
Сессияни вилоят ҳокими, Кенгаш раиси Э.Турдимов олиб борди.
Депутатлар дастлаб Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) минтақавий вакиллигининг 2019 йилда амалга оширган ишлари тўғрисидаги ҳисоботини эшитишди.
Омбудсманга барча шароит яратиб берилади
- 2019 йил давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакилликка келиб тушган мурожаатларнинг аксарият қисми фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари, хусусан, пенсияларнинг нотўғри ҳисобланаётганлиги, коммунал хизматлар, бошқарув идоралари ходимларининг ўз вазифалари ижросидаги сусткашликка оид, - деди Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг минтақавий вакили Шахриёр Сафаров. – Умуман, 2019 йил давомида 47 та ёзма ва 56 та оғзаки мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатларнинг 6 таси меҳнат қонунчилигининг бузилишига тегишли бўлса, 4 таси таълим, 12 таси ижтимоий ҳимоя, 10 таси фуқаролик ҳуқуқлари, 13 таси уй жой, 4 таси маҳаллий ҳокимият органлари қарорлари, 38 таси турли масалалар билан боғлиқ.
Бундан ташқари, йил давомида 47 фуқаро вакилликка телефон ва электрон почта орқали мурожаат қилиб, ўзларининг муаммолари ҳақида тегишли маслаҳатларни олди. “Ишонч телефони” орқали қабул қилинган 18 мурожаатга маслаҳатлар ва ҳуқуқий консультациялар берилди. Келиб тушган ёзма шикоятларнинг барчаси батафсил таҳлил қилинди ва жойларда кўриб чиқилди.
Муҳокамалар давомида Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг минтақавий вакилига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан зарур иш шароитларини яратиш, техник ва бошқа воситалар билан таъминлаш бўйича таклифлар билдирилди.
“Снос” масаласида ҳеч бир фуқаро норизо қилинмайди
Вилоятда давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов ҳисобот берди.
Маърузачи ўз сўзида Самарқанд шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги Саммитини ўтказишга тайёргарлик кўриш, Самарқанд туристик мажмуасини ташкил этиш, Имом Ал-Бухорий мажмуаси атрофини ободонлаштириш, замонавий бино ва иншоотлар қуриш мақсадида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган айрим объектлар бузилишга тушаётганлигини қайд этди.
Шунингдек, ҳудудларни ободонлаштириш, архитектура қиёфасини ўзгартириш ҳамда яхшилашга қаратилган давлат дастурларини амалга ошириш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларнинг турар ва нотурар объектларини давлат ва жамият эҳтиёжлари учун 2019 йилда ва 2020 йилнинг январ ойида олиб қўйилган ер участкалари ҳамда унда жойлашган турар ва нотурар объектлар бўйича мулкдорларга компенсация тўловлари мулкнинг бозор қиймати ва мулкдорнинг розилиги асосида амалга оширилган.
- Ўтган йили амалиётда биринчи марта мулкдорларга тегишли ҳовли ёки ер майдонидаги дов-дарахтларни кесишдан олдин уларни ҳам нархлаб, муайян миқдорда тўловлар амалга оширилди, - деди Ж.Ўроқов. – Шу ўринда яна бир маълумот, ўтган йилда олдинги йилларда давлат ва жамият эҳтиёжлари учун бузилган ва тегишли тўловлар амалга оширилмаган мулкдорларга 7 миллиард сўмга яқин маблағлар тўлаб берилди.
Дабдабали тўйлар барчани безор қилмадими?
Таъкидлаш лозимки, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида нафақат депутатлар, балки сессия иштирокчилари томонидан ҳам турли фикрлар билдирилди.
Масала юзасидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Бадриддин Насриев ахборот берди.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 1 январидан 1 февралига қадар вилоятда 355 та тўй ўтказилган. Шундан 347 таси ресторанларда, 8 та хонадонларда ташкил қилинган. Аммо бу тадбирларнинг айримлари парламент палаталарининг қўшма қарорида белгиланган талаблар асосида ташкил этилмаган.
Вилоятда жами 600 дан зиёд тўй ва ҳашамларни ўтказувчи санъаткорлар, овоз кучайтиргич ускуналари билан хизмат кўрсатувчилар ва раққосалардан 254 таси ёки 42 фоизининг лицензияси бор, - деди депутат З.Бердиева. – Кузатишларимга кўра, бошқа вилоятларда тўйда раққосалар хизматидан деярли фойдаланилмайди. Назаримда, бизда ҳам шундай тартибни кенг тарғиб қилиш, кайвонилар орқали унга амал қилиш чораларини кўришимиз керак.
- Тўй-маъракаларимиздаги энг катта муаммо бу дабдаба, кимўзарга ташкиллаштириш билан боғлиқ, - деди Кенгаш раиси Э.Турдимов. – Бу пули бор, ўзига тўқ одамга билинмаслиги мумкин, лекин топиш-тутиши ҳаминқадар одам учун бу оғирлик қилади. Шунинг учун масъул вазифа эгалари, шу жумладан, депутатлар ўзлари намуна бўлиши керак.
Муҳокамаларда тўйларда шовқин-суронни камайтириш, автокарвонларни жиддий назоратга олиш, тўй ва марака маросимларида озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ яна турли фикрлар билдирилди. Шунингдек, ушбу масалага бефарқ бўлаётган мансабдорларга нисбатан кескин чоралар кўришга қарор қилинди.
Олий ўқув юртларимиз қачон халқаро рейтингларда ўз ўрнига эга бўлади?
Ушбу савол сессия давомида энг кўп вақт муҳокама қилиниб, ўз навбатида турли фикрларга бой бўлди. Негаки, ушбу масала бўйича ҳар бир олий ўқув юрти ректори мавжуд салоҳият, шароит ва муаммолар ҳақида баён қилишди. Ўз навбатида истиқболдаги режалар, шу жумладан давлатимиз раҳбари томонидан олий таълим тизимида сифат ва салмоқни ошириш борасида берилган топшириқлар ижроси юзасидан тақдимот ўтказишди.
Қайд этилганидек, Самарқанддаги олий ўқув юртлари катта илмий салоҳиятга эга. Улар вақтида нафақат Ўзбекистон, балки қўшни республикаларга ҳам малакали кадрлар тайёрлаб берган. Бироқ кейинги 30-40 йилда иш янгича ташкил этилмаганлиги ва бошқа бир қатор омиллар сабаб университет ва институтларимиз тайёрлаётган кадрлар савияси пасайиб кетди. Мавжуд илмий-техник база ва шароитлар замон талабларидан орқада қолган.
Шу боис ректорларнинг олий таълим муассасаларида 2019 йилда амалга оширилган ишлар ва 2020 йилдаги устувор вазифалар тўғрисидаги ҳисоботлари салбий баҳоланди. Муҳокамалар якунида олий ўқув юртларида ўқув-илмий фаолиятни замон талабларига мослаштириш бўйича тайёрланган “йўл хариталари” ҳали мукаммал эмаслиги таъкидланди. «Йўл харита»ларини жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда янада такомиллаштириш тавсия этилди.
Мазкур масала муҳокамаси чоғида республика Олий таълим кенгаши раиси Ў.Умурзоқов ҳам ўз фикрларини билдирди.
Депутат кузатувчи бўлиб қолмайди
Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва доимий комиссияларининг 2020 йилга мўлжалланган иш режалари тасдиқланди. Вилоят маҳаллий бюджетининг 2020 йил 1 январь ҳолатига шаклланган эркин қолдиқ маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Шунингдек, депутатлар Самарқанд вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан 2019 йил давомида амалга оширилган ишлар ва қабулхоналарга келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқилишини ҳам муҳокама қилишди.
- Депутат шунчаки кузатувчи бўлиб қолмаслиги керак, - деди Кенгаш раиси Э.Турдимов. – Бугунги кўриб чиқилган масалалар, умуман, вилоятни ижтимоий-иқтисодий рвиожлантириш билан боғлиқ барча жабҳаларда фаол иштирокчи бўлиши зарур. У ўз навбатида унга ишонч билдирган сайловчиларга, кенг жамоатчилик олдида ҳисоб бериши керак.