Ниҳоят, афсонавий футболчи Хави Тошкентга ташриф буюрди
"Барселона" жамоасининг афсонавий футболчиси Хави, ниҳоят, Тошкентга келди.
Испаниялик футболчи анча олдин, аниқроғи, 2008 йилда "Барселона" жамоасида порлаб юрганида юртимизга келиши кутилганди. Ўшанда испаниялик футболчи "Барселона"даги жамоадошлари Андрес Иньеста ва Карлес Пуйоль билан бирга пойтахтимизда ёш футболчиларга мастер-класс ўтказиши режалаштирилганди. Аммо сўнгги паллада режа ўзгариб, Хавининг ўрнига Сеск Фабрегас юртимизга келганди.
Хави 2015 йилда Қатарнинг "Ас-Садд" клубига ўтди. Ўшандан бери кўпчилик мухлислар "Ас-Садд"нинг Осиё чемпионлар лигаси мусобақаси доирасида ўзбек клублари рақибига айланишини ва ярим ҳимоячининг Ўзбекистонга келишини орзиқиб кутишаётган эди. Аммо, шу пайтгача буни имкони бўлмади.
2018 йилда қатарликлар ОЧЛни тўғридан-тўғри гуруҳ босқичидан бошлаб, "Насаф" билан бир гуруҳдан жой олишди. Фақат Хави Қаршидаги ўйинга ташриф буюрмади.
Ниҳоят, Хави Тошкентга келди. Ўзбекистонлик мухлислар эртага, 9 апрель куни "Пахтакор" стадионида “Барселона” жамоасининг собиқ футболчиси, афсонавий Хавининг ҳақиқийсини кўришлари мумкин.