Ўн беш суткага қамалган қарздор жазони ўтаб қайтгач, 135 млн. сўм алимент пулини тўлаб берди

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг буйруғига асосан қарздор А.Х.дан ундирувчи З.Х.фойдасига вояга етмаган 3 нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати МИБнинг Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган.

Бюронинг Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси Бекзод Турдиевга кўра, қарздор А.Х ўз мажбуриятини бажармасдан шу кунга қадар, жами 135,5 миллион сўм пулни тўлашдан бўйин товлаб келган. Шу сабабли унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига юборилади.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг қарори билан қарздор А.Х.га нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси ва ундирувчи З.Х. фойдасига 135568034 сўм моддий зарар (алимент) пулларини ундириш белгиланган.

Қарздор А.Х. маъмурий қамоқ жазосини ўтаб бўлгач, мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилиб, З.Х. фойдасига 135,5 миллион сўм зарар (алимент) пуллари тўлиқ ундириб берилган.