Қуёш нури билан ишлайдиган илк насос станцияси Пайариқда ишга тушади

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 7 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ва энергия ресурсларидан унумли фойдаланиш масалаларига бағишланган йиғилишда иқлим ўзгаришлари туфайли ер юзида сувга бўлган талабнинг ортаётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кластер ва фермерларга етказиб берилаётган ҳар бир куб метр сувга республика бўйича ўртача 212 сўм харажат қилиняпти. Бухоро, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида бу кўрсаткич 2-3 баробар юқори. Кейинги йилларда 1 миллиард доллар ҳисобига Қарши, Аму-Бухоро, Аму-Занг каби йирик насос станциялар модернизация қилинган. Лекин Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарёда ўрта ва майда эскирган насослар янгиланмагани учун сув таннархи ошиб кетмоқда.

Ҳозир республикадаги 2,5 миллион гектар ерни суғориш учун 1600 дан зиёд насос станция йилига 6,8 миллиард киловатт электр сарфлаяпти. 2017 йилда 2 миллион гектарга 8,3 миллиард киловатт электр энаргияси ишлатилар эди. Хусусий шериклик асосида тежамкор насос ва қуёш панелларини ўрнатиб, 20 фоиз электрни тежаш мумкин.

Қайд этилишича, хоразмлик 92 нафар деҳқон замонавий насос ўрнатиб, электрни 20 фоиз тежамоқда. Улар қуёш панели ўрнатиш ҳисобига эҳтиёжидан ортган электрни давлатга сотиб, ойига қўшимча 7-8 миллион сўм даромад оляпти. Давлат раҳбари Хоразм тажрибасини кенгайтириш мақсадида электр харажати учун субсидияни насосларни янгилаш ва қуёш панеллари ўрнатишга боғлаш кераклигини қайд этди.

Вилоятимизда ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда насослар ёрдамида суғориладиган майдонлар бор. Ўтган асрда ўрнатилган насослардан фойдаланиш эса катта энергия сарфини талаб қилади. 

Рақамларга қарайдиган бўлсак, Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли 94 та насос станцияси ҳамда 453 та суғориш, 46 та мелиоратив тик қудуқ бор. Ушбу насос станцияларида ўрнатилган 376 та агрегат ёрдамида вилоятимиздаги қарийб 70 минг гектар майдон суғорилади. Жорий йилда ушбу насос станциялар ва тик қудуқларни ишлатиш учун давлат томонидан 163,7 миллион кВт электр энергияси лимити ажратилган.

- Насос станциялар эксплуатацияси давомида электрни тежаш, агрегатлар ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида 2024 йилда самарадорлиги юқори бўлган 9 дона насос ускунаси ва 17 дона электр двигатель, 15 дона реактив энергияни компенсацияловчи конденсатор қурилмаси харид қилиниб, ўрнатилди, - дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Шокир Раҳмонов. - Шунинг ҳисобига 780 минг киловатт соат электр энергияси иқтисод қилишга эришилди. Бошқармага қарашли 27 та насос станция ва 51 та суғориш қудуғи давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида насос станциялари ва суғориш қудуқларидан фойдаланувчи корхона ва фермер хўжаликлари бошқарувига берилган.

Бошқармамизга қарашли насос станцияларда 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумида таъмирлаш ишлари дастурига кўра, 117 та насос агрегати ва 126 та тик суғориш қудуғини таъмирлаш режалаштирилган. Ҳозиргача 32 та насос агрегати ва 35 та тик суғориш қудуғида таъмирлаш ишлари олиб борилди. Белгиланган таъмирлаш-тиклаш ишлари насос станциялари ва энергетика бошқармасининг Фарҳод қўрғонидаги ва Каттақўрғон шаҳридаги гидромеханик ускуналарни таъмирлаш устахоналарида бажарилмоқда.

Насос станциялари ёрдамида чиқарилган сувнинг ҳисобини юритиш мақсадида насос станцияларида 94 дона онлайн сув ўлчаш қурилмалари ўрнатилди. Станцияларда электр энергиясини тежаш учун 2025 йилда дастурга биноан 16 та электр двигател, 8 та конденсатор қурилмаси, 7 та частота ўзгартирувчи қурилма, 12 та 5 кВт қувватли қуёш панеллари, 310 дона энерготежамкор ЛЭД лампалар ўрнатилиши белгиланган ва тадбирлар натижасида 1300 минг кВт соат электр энергияси тежалишига эришилади.

Бугунги кунда электр энергиясини тежаш, муқобил энергия ресурсларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш мақсадида кўплаб инновацион ечимлар ишлаб чиқилган, амалда синаб кўрилганлари ҳам талайгина. Ишланмалар орасида қуёш нуридан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқариш ва уни сув олишга сарфлаш энг камхарж ечимлардан бўлиб қолмоқда. Бироқ, ҳозиргача бу технология юқори ҳажмда электр энергияси талаб этадиган ва катта майдонга сув етказиб берадиган лойиҳаларда қўлланилмаганди. Хитойлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда Пайариқ туманида ана шундай лойиҳа синов тариқасида амалга оширилди.

Пайариқ туманидаги 10 та насос станциясида ўрнатилган 42 та агрегат ёрдамида 5 минг гектардан ортиқ майдонга сув етказиб берилади. Хизмат муддатини ўтаб бўлган агрегатлар кўп энергия талаб қилиши билан бирга, сув чиқариш ҳажми йил сайин камайиб боради. Хитойнинг “ZHEJIANG TIANCI NEW ENERGY TECHNOLOGY” компанияси мутахассислари билан ҳамкорликда тумандаги “Минг чуқур” насос станциясига қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилди. Шу билан бирга насос ускуналарини янгилаш ишлари ҳам амалга оширилди. Ушбу тадбирлар учун хитойлик инвесторлар томонидан 669,2 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланиб, 231 кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган қуёш панеллари, 2 дона насос агрегати ўрнатилиб, насос станцияси биноси қурилиш ишлари бажарилди.

- Бу ҳозирча вилоятда ягона шундай лойиҳа ҳисобланади, - дейди Пайариқ тумани сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси бошлиғи Маҳмуд Ибрагимов. – Бу лойиҳа синов бўлгани учун эски насос станциясининг ёнида, 30 сотих майдонда ўрнатилди, яъни аввалги станция ҳам, янги фотоэлектрик станция ҳам ишлаши мумкин. Қуёш панеллари батареясиз, фақат кундузи ишлайди ва эски станцияга нисбатан 30-40 фоиз кўп сув чиқариш имконига эга. Агар зарурат бўлса, кечаси учун эски станция хизматидан фойдаланишимиз мумкин. Янги станцияда синов ишлари бажарилди ва баҳорги мавсумда деҳқонларимизга сув етказиб беришни бошлаймиз. Агар мазкур лойиҳа ўзини оқласа, кейинчалик тумандаги “Сувчи” ва “Деҳқонобод” насос станцияларига ҳам қуёш панеллари ўрнатиш режалаштирилган.  

Янги станциянинг электр энергия сарфи бир йилда 345,3 минг кВт дан 305,0 минг кВтга пасайтирилиб, 40,3 минг кВт электр энергияси иқтисод қилинади. Барпо этилган қуёш фотоэлектр станцияси йилига 368,6 минг кВт электр энергияси ишлаб чиқариши натижасида электр энергияси харажатларини қоплаш учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағ тежалади (2024 йилда 423,0 миллион сўм) ва 63,6 миллион сўм қўшимча даромад олинади. Яъни, ишлаб чиқарилган 368,6 минг кВт электр энергиясининг 305 минг кВти насос станцияси ишлаши учун ишлатилади, ортиқча электр энергияси эса давлатга сотилади.

Аҳамиятлиси, сув чиқариш имконияти бир суткада 33,9 минг метр кубдан 38,9 минг метр кубга кўпаяди. Электр энергиясининг узлуксизлиги натижасида сув етказиб бериш 2,1 миллион метр кубдан 2,9 миллион метр кубга оширилади, суғориш мавсумида 371 гектар майдондаги экинларнинг сув таъминоти яхшиланишига эришилади.

Маълумот учун, кейинги йилларда Пайариқ туманидаги “Сувчи”, Булунғур туманида “Дўстлик”, Ургут туманида “Хўжайдуқ-2” ва “Илонли”, Пахтачи туманидаги “Пахтакор” насос станцияларида ҳам қуёш панеллари ўрнатиш ва станцияларни янгилаш ишларини олиб бориш режалаштирилган.  

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.