Самарқанд шаҳрига кириш чекланди
2020 йил 27 март куни соат 06:00 дан бошлаб Самарқанд шаҳрига барча ҳудудлардан кириш ҳар қандай транспорт воситалари (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) учун тўхтатилади.
Самарқанд шаҳрига киришдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларда, шунингдек, Самарқанд шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга, Самарқанд шаҳрида жойлашган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини олиб бораётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят эпидемияга қарши курашиш фавқулодда комиссиясининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган масъул ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Шу билан бир қаторда, 27 март куни соат 06:00 дан бошлаб Самарқанд шаҳри ҳудудида трамвай ва автобуслар ҳаракати тўхтатилади.
Шаҳар ҳудудига киришга қўйилган чекловларга ва карантин қоидаларини бузган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирамиз!
Азиз самарқандликлар, Сизларни яна бир бор карантин даврида тартиб-интизом ва амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга ҳамда зарурат бўлмаса, уйда қолишга чақирамиз!
Самарқанд вилояти ҳокимлиги.