Самарқандда 4709 нафар фан ўқитувчиси иккинчи малака тоифаси учун тест топширади

Жорий йилнинг 5 октябрь куни таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд вилоят бўлими ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан туман ва шаҳар халқ таълими бўлими масъул ходимлари иштирокида иккинчи малака тоифали ҳамда мазкур малака тоифаларига талабгор педагогларнинг малака (тест) синовлари бошланди.

Малака (тест) синовлари карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда Самарқанд давлат университетининг иккита спорт залида бўлиб ўтмоқда. Залларга 200 та компьютер жойлаштирилган. Тест синовларини шаффоф ва адолатли ўтказиш мақсадида жараённи махсус назоратчилар кузатиб бормоқда.

Вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар беришича, мазкур тест синовлари 10 октябргача давом этади ва унда 4709 нафар фан ўқитувчилари қатнашади.