СамДУда Ҳиндистон маданияти ўқув маркази очилди

Самарқанд давлат университетида ташкил этилган халқаро таълим дастурлари факультетида бугунги кунда дунёдаги нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 2+2 шаклида 180 нафар талаба ўқитилмоқда. Яъни талабалар бакалавр таълим босқичининг икки йилида шу ерда, қолган икки йилида эса хорижда таҳсил олади.

7 октябрь куни Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчиси Сантош Жа СамДУда бўлиб, мазкур ўқув муассасаси фаолияти билан яқиндан танишди. Бу ерда Ҳиндистон маданияти ўқув марказининг очилишида иштирок этди.

Университет матбуот хизматининг хабарига кўра, элчи жаноблари марказда яратилган шарт-шароит ва имкониятлар билан танишиб, ушбу маскан Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги азалий дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, илм-фан ва маданият соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичда давом эттиришга ёрдам беришини таъкидлади.

Университет ректори Рустам Холмуродов билан учрашув чоғида Сантош Жа Ҳиндистондаги Деҳли ва Наъланда университетлари, шунингдек, бир қатор хусусий олий таълим даргоҳларининг СамДУ билан яқин ҳамкорлик ўрнатишдан манфаатдор эканлигини таъкидлади. Келгусида бу алоқаларни ривожлантириш, таълим-фан, замонавий инновацион технологиялар яратиш, биргаликда кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама этилди.

Шунингдек, учрашувда 2020 йилда икки мамлакатда ўзбек ва ҳинд маданияти кунларини ўтказиш, хусусан, Самарқанд шаҳрида ҳам бундай тадбирларни ташкил этиш таклифи билдирилди.

Мулоқот якунида Самарқанд давлат университети ва Ҳиндистондаги  олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш, қўшдипломлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича ҳужжат имзоланди.