Туркияда ижарачиларни кўчириш талаби ошмоқда
Мамлакатда юқори инфляция туфайли ижарачиларни кўчиришни талаб қилувчи даъволар сони ортиб бормоқда, судлар бундай даъволарга тўлиб кетган, деб ёзади Hürriyet.
Нашрнинг қайд этишича, агар ҳозир квартирани 15-20 минг лирага ижарага олиш мумкин бўлса, бир неча йил аввал кўчиб келган ижарачи бор-йўғи 4 минг тўлаб келмоқда (қонунга кўра, ижара ҳақи йилига максимал 25 фоизга оширилиши мумкин).
Яшаб турган одамни шунчаки чиқариб юбориш ҳам мумкин эмас. Бунинг учун судга даъво қилиш ва уй эгаси квартирага бўлган эҳтиёжини исботлаб бериши керак. Суд ва экспертлар зиммасига юкланган юкни ҳисобга олсак, бундай ишлар бўйича суд жараёни 4 йилгача чўзилиши мумкин, деб ёзади газета.
Туркияда уй-жойни ижарага беришга оид қатъий қонун-қоидалар мавжуд. Уларга биноан уй-жойни лицензиясиз ижарага бериш тақиқланади. Текширувлар тез-тез ўтказилгани боис қоидабузар тез аниқланади ва тегишли жазо тайинланади. Масалан, биринчи қоидабузарлик учун квартира эгасига 5000-10000 турк лираси (тахминан 400 доллар) миқдорида жарима солинади. Агар яна такрорланса жарима янада катталашади ва мулк муҳрланади. Ижарага берувчи учинчи марта қўлга тушса, у яшаш учун рухсатномадан маҳрум қилиниши ва ҳатто қамоққа олиниши мумкин.