Вафоқуловнинг муаммосини ким ҳал қилади?
2020 йил 29 июль куни сайтимизда ва "Зарафшон" газетасининг шу йил 30 июль, 85-сонида чоп этилган «Масъулларнинг масъулиятсизлиги янги муаммолар келиб чиқишига сабаб бўляпти» мақоласида кўтарилган масалалар мутасадди идоралар раҳбар ва ходимлари томонидан ўрганилди. Ўрганиш натижалари бўйича Пахтачи тумани ҳокимлиги ҳамда соҳага алоқадор корхона-ташкилот раҳбарлари таҳририятимизга жавоб хати йўллади.
***
“Зарафшон” газетасида босилган мақола ва Аҳмад Вафоқуловнинг мурожаати юзасидан вилоят «Ермулккадастр» давлат корхонаси ва Пахтачи тумани филиали мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ масалани жойида, мурожаатчи иштирокида ўрганиб чиқди. Аниқланишича, А.Вафоқулов тадбиркорлик қилиш учун Мирзо Нодим маҳалласи ҳудудидаги бўш ер майдонини аукцион савдосига қўйиб беришда амалий ёрдам сўраган.
Ўрганиш давомида А.Вафоқулов томонидан сўралаётган ер майдони суғорилиб ҳайдаладиган ер майдони тоифасига кириши, шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5742-сонли фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1023-сонли қарорига асосан ушбу ер майдонини аукционга қўйиш мумкин эмаслиги аниқланди. Бу ҳақида аввал ҳам А.Вафоқуловга жавоб хатлари берилган.
А.Вафоқулов ушбу ер майдонида фақат деҳқон хўжалиги ташкил этиши мумкин. Бунинг учун фуқаро Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 30 апрелдаги «Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қарорига асосан Пахтачи тумани ҳокими номига ариза билан мурожаат қилиши, шундан кейин туман ҳокимлигининг ер бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссияси хулосасига асосан туман ҳокимининг қарори қабул қилиниши керак. Ушбу ҳужжат давлат рўйхатига олингандан кейин кучга киради ва деҳқон хўжалиги учун ажратилган ер майдонидан фойдаланиш мумкин бўлади.
Айнан шу ер участкасида туманнинг «Ҳунарманд» маҳалласида яшовчи фуқаро М.Сиддиқова томонидан ўзбошимчалик билан 0,06 гектар ер майдони эгаллаб олиниб, иссиқхона қуриш учун ёғоч ўрнатмалар қурилган. Ушбу ҳаракат ноқонуний иш эканлиги боис туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан фуқаро М.Сиддиқовага огоҳлантириш хати берилган. Шунингдек, низоли ер майдонининг ёнида фуқаро Жавлон Ҳасановга Пахтачи тумани ҳокимининг 2013 йил 7 ноябрдаги 602-Қ-сонли қарорига асосан маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси ва савдо дўкони қуриш учун 0,15 гектар суғориладиган ер майдони ноқонуний равишда ажратиб берилганлигини маълум қиламиз.
С.Ҳакимов, вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқарма бошлиғи.
***
Пахтачи тумани Мирзо Нодим маҳалласи ҳудудидаги 127-контурда жойлашган ер майдонида тадбиркорлик юритиш учун қурилиш-монтаж ишларини олиб боришга сўралган ер майдони бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.
Мирзо Нодим маҳалласи ҳудудидаги 127-контур жойлашган ер майдони остидан корхонамизнинг Пахтачи тумани бўлими балансида бўлган Д-160 миллиметрли ичимлик сув тармоғи (сув қувури) ўтган.
Республика Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасида белгиланган санитар меъёрий қоидаларга асосан ҳамда сув объектлари стратегик объект бўлганлиги боис ушбу сув тармоғи устидан қурилиш-монтаж ишлари олиб бориш қатъиян ман этилади. Фақатгина 1,2 метр ер остидан ўтган сув қувурига зарар етказмаган ҳолда ушбу ер майдонида бир йиллик экин (дарахт ва буталар экишга рухсат берилмайди) экиб, етиштириш мумкин.
К.Юсупов, «Самарқанд сув таъминоти» масъулияти чекланган жамияти директори.
***
Мақолада кўтарилган муаммоларни бартараф этиш юзасидан туман ҳокимлигида ишчи гуруҳ тузилди ва масалалар ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш жараёнида фуқаро Аҳмад Вафоқулов томонидан тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун аукцион савдосига қўйиб берилиши сўралган ер майдони туманнинг «Нодим-Зиёвуддин» массиви қишлоқ хўжалиги харитасининг 127-контурдаги суғориб ҳайдаладиган ер тоифасида эканлиги аниқланди. Шунингдек, мазкур ер майдонининг остидан «Сувтаъминот» масъулияти чекланган жамияти Пахтачи тумани бўлимига қарашли ўрта босимли ичимлик сув тармоғи ўтганлиги ва ушбу ер майдонидан фуқаро М.Сиддиқова ўзбошимчалик билан иссиқхона қуриш учун ноқонуний равишда эгаллаб олганлиги маълум бўлди.
Шунга кўра, бугунги кунда М.Сиддиқова ноқонуний равишда эгаллаб олинган ер майдонини асл ҳолатига қайтарилиши тўғрисида огоҳлантирилди ҳамда фуқаро Ж.Ҳасанов томонидан ноқонуний равишда бажарилган қурилиш ишлари, жумладан, шлакоблок билан ўраб олинган деворни бузиш учун тегишли ҳужжатлар тўпланиб, судга тақдим этилди.
М.Ҳамдамов, Пахтачи тумани ҳокими.
***
ТАҲРИРИЯТДАН: Хоҳ у тадбиркор, хоҳ оддий фуқаро бўлсин, бирор идорага мурожаат қилишдан муддаоси олдида турган муаммосини ҳал этиш бўлади. Шу жиҳатдан вилоят ҳокими телеграм мессенжерига мурожаат қилган Аҳмад Вафоқулов тадбиркорлик юритиш учун ер майдони сўраган. Талаб қилган ер участкаси тадбиркорлик қилиш учун берилмаслигини билгач, деҳқон хўжалиги сифатида ажратиб берилишига ҳам рози бўлган. Унинг муаммоси ҳам, талаби ҳам шу, холос. Бироқ жавоблардан маълум бўляптики, А.Вафоқуловга ҳеч бир идора кўмак бергиси йўқ. Аксинча, хатга жавоб ёзиш, мурожаатни ёпиш керак, тамом-вассалом.
Ваҳоланки, туман ҳокимлиги, ер ресурслари ва давлат кадастри идораси раҳбар, мутасаддилари мурожаатчи билан очиқ суҳбатлашиши, унинг тадбиркорлик лойиҳалари билан танишиши, унга зарур кўмак бериши керак эмасми? 5 ой овора бўлган А.Вафоқулов яна қанча вақт сарсон бўлиши керак? Наҳотки туманда унинг лойиҳалари билан қизиқадиган тегишли соҳа мутахассислари, сектор раҳбарлари бўлмаса?
Қолаверса, Ж.Ҳасанов 2013 йилда ер майдонини туман ҳокими қарори билан олган, бироқ шу пайтгача унинг фаолият юритмаётганига нега ҳокимлик, қурилиш бўлими, солиқ идоралари эътибор қаратмаган? Унинг белгиланган ер майдонидан 0,16 гектар ортиқча ерни эгаллаб олгани нега шу пайтгача ҳеч кимни қизиқтирмаган? Ахир бу ҳудуд ер тагидан ҳам йирик сув қувури ўтган-ку.
Бундан ташқари, 127-контурда ноқонуний равишда лой девор билан ўралган иссиқхона қурилган, тахминан 15 сотих ер майдони (низолашаётган ер майдони қаторида) чети бетон пойдевор ташланиб, ноқонуний эгаллаб олинган. Ушбу ўзбошимчаликлар нега шу пайтгача барҳам берилмаган?
Афсуски, шу каби саволлар ҳамон очиқ қолмоқда...