Яшасин, японлар!
Интернет олами жуда ғалати. Кўпчилигимизда барибир унга нисбатан “иммунитет” керакли даражада шаклланмаган, шекилли. Нега, дейсизми – мана исботи!
Баъзи хабарлар, янгиликлар ёки видеоларнинг тўғридан-тўғри бизга алоқаси бўлмаса-да, барибир кайфиятимиз ё бузилади, ё кўтарилади, уяламиз, ғазабланамиз, ҳафсаламиз пир бўлади ё аксинча.
Шу бир неча кунда бизда “тренд”да бўлган баъзи воқеаларни таҳлил қилиб кўрайлик: Сурхондарёда келинни урган куёв воқеасидан қаттиқ ғазабландик, бутун дунёга шармандамиз чиқди. Немислар “Ўзбекларда бу одатий ҳол”, дейишди, корейслар ҳам яна бир нималар деб ўзбекларнинг устидан кулди.
Бугун яна бир хабарни ўқиб, кўпчилик лол қолган бўлса, ажабмас!
Хабарингиз бор, кеча 15 июнь куни Тошкентда ўтаётган 23 ёшли футболчилар ўртасида Осиё кубоги баҳси ярим финалида жамоамиз Япония терма жамоасини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Расмий хабарларда ёзилишича, Япония терма жамоаси мағлубиятга учраганига қарамасдан, ўзларининг кийиниш хоналарини топ-тоза қилиб, йиғиштириб кетишди. Мана, сизга МАДАНИЯТ намунаси (бундай ҳолат футбол бўйича жаҳон чемпионатида ҳам кузатилганди).
Афсуски, бизда айримларда ана шу нарса умуман етишмайди. Уят бўлса ҳам айтай, яқинда иш юзасидан бир вилоят ташкилотига боришга тўғри келди. Бино ўта замонавий, барча шарт–шароитларга эга, ҳатто йўлаклари ҳам салқин – маза қиласиз. Аммо коридорда юрсангиз, кўланса ҳид кўнглингизни оздиради. Қабулхонада ўтирган қиздан “Сизларда канализация бузилганми?”, деб сўрадим.
Бечора йиғламоқдан бери бўлиб жавоб берди. Айтишича, иш юзасидан ташкилотга асосан зиёли, ўқимишли ва тушунган “катта” одамлар келаркан. Улар ҳожатхонадан фойдаланишаркан-у, тозаликка риоя қилишмас экан.
Ана, холос! Бу ҳам “маданият” белгисими?
Футболга қайтамиз. Бироз олдинроқ “ориятли” ва “ғурури” баланд Ўзбекистон фуқароси сифатида футбол федерациясининг бир қароридан аччиғимиз келди, албатта. Ироқ терма жамоаси билан бўлган ўйиндан сўнг федерация Япония билан бўладиган ўйинга ўзбекистонлик мухлислар киритилмаслиги ҳақида қарор чиқарди (Ироқ билан бўлган ўйинда томошабинлар трибунадан ўйин майдонига тош отишгани учун).
Қаранг–а, халқаро мусобақа Ўзбекистон заминида бўлса-ю, унга ўзбек мухлислари – футбол ихлосмандлари киритилмаса. Жазо бундан ортиқ бўлмайди...
Лекин бироз ўйлаб кўрсангиз, бу бир тарафдан тўғри жазо бўлган.
Ўйин Япониядан келган 500 га яқин мухлис билан ўтди. Улар ўз жамоасига мухлислик қилган, аммо барибир ютқазишди! (Япониядан келган тамошабинлар стадионда ўтирган жойларини ҳам тоза қилиб кетганига ишончимиз комил!)
Биз дунёга қандай миллат сифатида танилган эдигу, энди ким, деган ном чиқаряпмиз? Иштихонда ер талашган аёллар бир–бирини сочини юлган... Касалхонада даволанаётган ёшгина она чақалоқ боласини аёвсиз калтаклаган...
Яна бу ишлар белгиланган тартибда ўрганилиб, уларга нисбатан чора ҳам кўриляпти. Нега шунча катта ташвишлар, муаммолар турганда, ваколатли ташкилотлар ана шундай “видеолар”ни ўрганишга вақтини сарфлаши керак – бу ҳам бир масала!
Аммо алам қиладигани, чора кўрилса, тушунтириш ишлари олиб борилса ҳам бунақа аҳмоқона ва миллат шаънини ерга урадиган ҳолатлар кўпайса, кўпайяптики, камаймаяпти...
Ана шунақа гаплар!
Гулчеҳра Бердиёрова.