Ёшлар мақсадсиз (ми)?
Яқинда барча вилоятларда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Хусусан, Самарқандда ўтказилган тест синовларида 108 981 нафар абитуриент қатнашиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг 99 312 нафари имтиҳонга келган, 9669 нафари турли сабабларга кўра иштирок этмаган.
Бу кичкина рақам эмас. Нима сабабдан бир йилда бир марта бўладиган имтиҳонга абитуриент келмади? Камида бир кунда 980 нафар абитуриент имтиҳонга келмаган.
Битирувчилар билан суҳбатлашганимда баъзилари таваккал, омадини синаб кўриш учунгина ўқишга кириш учун ҳужжатларини топширганини айтди.
Агар ўқишга кира олмаса-чи? Кейин нима иш қилади? Фарзандини вазиятини билган ота-она уларни нега ўз вақтида касбга йўналтирмайди? Умуман, ота-оналар фарзанди билан касб танлаш, ҳунар эгаллаш, келгусидаги мақсадлари юзасидан суҳбатлашишга қанча вақт сарфлашади? Ёшларга ким бўлмоқчисан, деган савол аслида энг кўп бериладиган саволлардан бири. Аммо ота-оналар орасида бу ҳақда жиддий гаплашиб, касблар бўйича маълумот бериб, болаликдан фарзандининг қизиқишларини ҳисобга олиб тўгаракларга олиб борадиган, йўналиш кўрсатадиганлари, афсуски, бармоқ билан санарли.
Юқори синф ўқувчилари дарсдан бўш вақтлари ишга кирмоқда. Айниқса, таътил кунлари автобусда кондукторлик қиляпти ёки бозорда савдога ёрдам беряпти. Болаларнинг қўли 4-5 сўм кўргандан сўнг, ўқимай, дипломсиз ҳам пул ишлаб топса бўлар экан, деган тушунча пайдо бўлмоқда. Ўз-ўзидан ўқишга бўлган қизиқиши сўнади. Мактабга ҳам зўрға, аниқроғи, синф раҳбарининг қистови билан дарсга келиб-кетади. Чунки давомат учун синф раҳбар жавоб беради. Бундан кўриниб турибдики, ўқимаган бола ҳам “3” баҳога бўлса ҳам мактабни тугатади. Мактабни бир амаллаб битириб олгандан сўнг, таваккал ўқишга топширади.
Битирувчи қизларнинг баъзилари ҳали мактабни тугатмасидан, айримлари 9-синфлигидан унаштирилиб қўйилган.
Абдурауф Фитратнинг "Оила" асарида қизларнинг таълими ҳақида қуйидагилар ёзилган: "Миллат оналари тарбия ва илм олишлари лозим, ахлоқ ва билимларини камолга етказишлари зарур. Акс ҳолда хотинларимиз эркаклардан ҳам қўрқоқроқ, заифроқ ва ғайратсиз бўлганларида, болаларимиз ҳам уларга ўхшаб кетадилар”. Демак, қизларимиз билим олишлари шарт.
Ёшларни келажакда бир касбни эгаллаши учун фақат муаллим эмас, аслида ота-она кўпроқ масъул.
Муниса Шамсиева.