Ёввойи одам
Хитойнинг Ҳубэй провенцияси, олис тоғли қалин ўрмон райони - Шэньнунцзяда дунёнинг бошқа ҳеч қаерида учрамайдиган улкан панда ва қадимги мавжудот турлари сақланиб қолган. Улардан бири ёввойи одамлардир.
1940 йилда Чикаго унверситети биология факультети битирувчиси Ван Зелин ушбу ҳудудда машинада бораётиб ўқ овозини эшитади. Қизиқиб, машинани тўхтатади ва воқеа жойига бориб отиб ўлдирилган аёл жинсли ёввойи одам мурдасини кўради. Унинг бўйи 2 метрга яқин, танаси, башараси қалин жун билан қопланган, кулранг сочи елкасига тушиб турарди, гавдаси оддий одамникидан икки марта катта эди.
1976 йил май ойида кунлардан бирида шу райондаги коммунадан 6 киши машинада боришарди. Чун Шуй қишлоғи яқинида танаси қизғиш жун билан қопланган ғалати баҳайбат мавжудотни кўриб қолишди. У йўл ўртасида атрофга аланглаб турарди. Ҳайдовчи машинани тўхтатди. Йўловчилар машинадан тушиб, нотаниш мавжудот сари боришди. Бироқ у учрашишни хохламади, шекилли, қалин бутазорга кириб, ғойиб бўлди. Йўловчилар ҳодиса ҳақида Пекинга телеграмма жўнатишди. Фанлар академиясидагилар хабар берувчилар ёввойи одамни кўришганига шубҳа қилмадилар. 1920 йилларда бу ҳудудда 300 нафар ёввойи одам рўйхатга олинган эди.
Хитой олимлари экспедецияси чоғида аниқланган қўлга тушмас ушбу мавжудотларга нисбатан 2 назарияни илгари сурмоқда. Биринчи назария тарафдорлари фикрига кўра, мавжудот инсон шаклидаги тур бўлиб, ирсий бирикмаси оқибатидан пайдо бўлган. Иккинчи назария хулосасига кўра, улар одамзотнинг узоқ аждодлари бўлган улкан маймунларнинг миллион йиллар аввал ер юзида яшаган туридир. Бу маймунлар аллақачон қирилиб кетган, деб ҳисобланса-да, улкан пандалар билан ёнма-ён яшаган ушбу ҳудудда ҳозиргача сақланиб қолган. Бироқ уларни қўлга тушириш ва ўрганишга муваффақ бўлингани йўқ.
Т.Шомуродов тайёрлади.