12 февраль куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси ўтказилади
2021 йил 9 февраль куни Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов "Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг олтинчи чақириқ йигирма иккинчи сессиясини чақириш тўғрисида" қарор қабул қилди.
Унга кўра, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг йигирма иккинчи сессияси 2021 йил 12 февраль куни соат 10:00 да чақирилиши белгиланди.
Сессия кун тартибига қуйидаги масалалар киритилди:
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш тўғрисида;
- вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Х.Очиловнинг “Ёшлар муаммоларининг ҳал этилишига кўмаклашиш, ёш авлоднинг истеъдоди ва қобилиятларини ривожлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботи;
- вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Д.Мамадқуловнинг “Миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботи;
- вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи И.Ҳамроевнинг “Вилоятда жамоат транспортини ривожлантириш ва транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида”ги ҳисоботи;
- халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича доимий комиссиясининг вилоятда хусусий ва давлат-хусусий шериклик асосидаги тиббиёт муассасаларида кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботи;
- кичик саноат зоналари дирекцияси директори А.Юсуповнинг “Самарқанд вилояти Жомбой тумани Деҳқонобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янги кичик саноат зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳисоботи;
- Туркия Республикаси фуқароси Меҳмет Хушхурхожи ҳамда Доминикан Республикаси фуқароси Гҳанбари Моҳаммад Эбраҳимларга “Фахрий фуқаро” мақомини бериш тўғрисида.
- вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва самарали ишлашлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш тўғрисида;
- халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши котибияти мутахассисларини тайинлаш тўғрисида;
- бошқа масалалар.