700 нафардан ортиқ эронлик коронавирусдан ҳимояланиш мақсадида метанол ичиб вафот этди
Эронда 700 дан ортиқ одам COVID-19 инфекциясидан ҳимояланиш учун метанол (техник спирт) ичиб вафот этди. Бу ҳақда Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маслаҳатчиси Хоссейн Хасанианнинг сўзларига таяниб, Associated Press агентлиги хабар қилди.
Агентликда таъкидланишича, Хасаниан келтирган рақамлар вазирлик тақдим этган рақамлардан кўп. Вазирлик маслаҳатчисининг сўзларига кўра, рақамларнинг фарқланишига сабаб метанол ичган кўплаб одамлар касалхонага келмасдан, уйларида вафот этган. Касалхонадан ташқарида 200 нафарга яқин одам ҳаётдан кўз юмган.
Аввалроқ Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили 20 февраль санасидан буён мамлакатда 525 нафар одам метанол ичиш оқибатида вафот этганлигини маълум қилган эди. Шу билан бирга спирт коронавирусга шифо бўла олиши тўғрисидаги миш-мишларга ишониб, жами 5 минг нафардан ортиқ эронликлар метанолдан заҳарлангани айтилмоқда. Уларнинг тахминан 90 фоизида қисман ёки бутунлай кўз кўрмай қолиши кузатилмоқда.
Эронда техник спирт ичиш оқибатида вафот этганлар ҳақидаги хабарлар дастлаб март ойида тарқалди. Таъкидланишича, эронликлар коронавирусдан ҳимояланиш учун оддий спирт ўрнига адашиб, тиббий спирт ичишмоқда.