9 фарзандга оталик қилаётган банк ходими

Бугун Самарқандда бирорта меҳрибонлик уйи йўқ. Шу пайтгача бўлган муассасадаги болалар тегишли ҳужжатлар асосида оилаларга берилди.

Хўш, оилаларга берилиш тартиби қандай бўлди, бу болалар оилада қандай яшаяпти, ота-оналар уларни қандай қабул қилди? Шу саволларга жавоб топиш учун Самарқанд туманида истиқомат қилувчи Ҳусеновлар хонадонида бўлдик.

Бу оила 8 та фарзандни оиласига қабул қилган ва ўзларининг бир нафар қизи билан энди бу хонадон ўзбек, тожик, рус, турк миллатлари вакиллари бўлган 9 нафар фарзандни тарбиялашяпти.

 Психолог ё тарбиячи эмасман. Мен – отаман!

– Банкда ишлаганим сабабли SOS болалар уйи тарбиячилари ва тарбияланувчилари билан тез-тез мулоқот қилиб туришимга тўғри келарди, – дейди Жаҳонгир Ҳусенов. – Уларнинг ҳисоб дафтарлари бизнинг банкда бўлгани учун тез-тез келиб туришарди. Улар билан гаплашарканман, доим хаёлимдан бир фикр ўтарди: меҳрибонлик уйидан бола асраб олсам-чи? Гап шундаки, тўнғич фарзандим, шукр, соғлом туғилиб, вояга етмоқда, аммо кейингилари нобуд бўлди, шунинг учун ўғил бола олиб, тарбиялаш ниятим бор эди. Хуллас, рафиқам иккаламиз келишиб, бир кун меҳрибонлик уйига бордик ва раҳбар қабулига кириб мақсадимизни айтдик. Мақсадимиз фақат савоб эканлигини билгач, иккита эмас, бешта бола олинг, ҳозир шундай имконият бор, меҳрибонлик уйлари тугатиляпти, дедилар. Аввалига бироз қўрқдим, аммо савоб учун жазм қилган эканман, ортга қайтмайман, дедим. Хуллас, ҳужжатлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Очиғини айтаман, бу ишлар осон кечмади, турмуш ўртоғим иккимизнинг саломатлигимиздан бошлаб, қандай яшашимиз, муносабатларимиз – бари текширилди.

Болаларни олиб келишди, ҳаммаси байрамона ўтди, уйларни шарлар билан безадик, тасвирга олишди, ниятлар, тилаклар билдирилди. Сўнг ҳамма тарқалди. Мен ва рафиқам қарамоғимизда олтита бола билан қолдик. Улар меҳрга зор, биз фарзандга. Лекин бу болаларнинг бирови 7 ёшда бўлса, бирови 17 ёшда. Аллақачон дунёқараши шаклланиб, ҳаёт ҳақидаги тушунчалари аниқлашган. Гапирсам, мендан аччиқланадиган, тўғри йўл кўрсатганимда буни муҳокама қиладиган ҳолатлар бўлди. Осон бўлмади, буни тан олиш керак. Бировининг ўқишида муаммо чиқади, бири гап кўтармайди, бирига сал гапирса йиғлайди... Хуллас, турфа феълли болалар. Ҳар бирининг кўнглига қараш баробарида уларга оиладаги муҳит, оилавий қадриятлар ҳақида тушунча бера бошладим. Ҳар куни уйқуга ётишдан олдин Аллоҳга илтижо қилдимки, мен қўлимдан келганини қиляпман, ўзинг болаларимнинг кўнглига раҳм сол, мениям тушунишга ҳаракат қилишсин. Орадан бир неча ой ўтди, бир-биримизга мослашдик, тушуна бошладик. Болаларим меҳрибонлик уйида тарбияланган бошқа ака-опалари билан суҳбатлашиб, оиладаги муносабатларимиз ҳақида айтган шекилли, бир куни уйимизга яна икки бола келди. Улар 18 ёшдан ошган, бири институтда ўқийди, ётоқхона билан таъминланган. “Сизнинг меҳрингиз тортиб келди”, деб қараб туришгач, йўқ дея олмадим.  Ҳозир уларнинг ҳам ҳужжатларини тўғрилашга ҳаракат қиляпман.

Ҳар куни ишдан қайтганимда тўққиз нафар фарзандимнинг барчаси югуриб ёнимга келади, барчаси меҳр билан қучоғимга отилади. Ишонасизми, шундай пайти бор қийинчиликларни унутаман.

  Мен бекаман, онаман!

– Болалар келганда уйимизга файз киргандай бўлди хаёлимда, – дейди Феруза Ҳусенова. – Қўни-қўшнилар, қариндош-уруғ ҳам буни тўғри қабул қилиб, ҳатто кўпчилиги биз ҳам бола олсак бўлармикан, деб сўрай бошлади. Аввалига болаларнинг тилини топиш осон кечмади. Бири сувдан қўрқади, бири гўшт емайди, бирига иккита гап ортиқча. Аммо меҳр ҳар бир боланинг қалбига, тарбиясига энг асосий йўл. Келганида илк кунлари катта қизларим ҳам дастурхон атрофидан индамай туриб кетишарди. Ҳатто ўзлари чой ичган пиёласини олиб қўйиш ҳақида ҳам тасаввурга эга эмасди. Бунда уларни айблаб бўлмайди, албатта. Сабаби, ижтимоий муассасада тарбияланган бола табиийки, шундай улғаяди. Аммо ҳозир вазият ўзгарди. Қизларим аллақачон турли таом, пишириқлар пиширишни ўрганишяпти. Барчаси қўшимча дарс, тўгаракларга қатнаяпти. Мен уларга бир кун – 24 соат давомида онаман, ўз бурчимни бажара олаётган бўлсам, бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Қизларимга совчи келяпти. Айтмоқчиманки, ҳеч ким болаларимизни меҳрибонлик уйидан келган, демайди.

 Менинг дадам бор!

– Тўғри, меҳрибонлик уйида ҳам бизга ёмон қарашмади, ҳамма нарсамиз етарли эди, – дейди Мария Маҳмудова. – Лекин тарбиячилар ҳар куни алмашади, улар бизга меҳр берса-да, аммо ўй-хаёллари ўз фарзандларида бўларди. Яъни, истасалар-да, бизга бор меҳрини беролмасди. Оилада эса ҳаммаси бошқача экан. Ота-онанг меҳрини доим ҳис қилиб туриш жудаям керакли, ёқимли туйғу экан. Доим дадам бўлишини орзу қилгандим. Мени оқ кўйлакда меҳроб олдига дадам олиб боришини бир умр орзу қилганман. Дадам, онам, бобом, бувим, аммаю холаларим ҳам бор энди.

 Кутилмаган бахт

– Оилада ҳаммаси биз хаёлларимизда ўйлаганимиздан ҳам бошқача экан, – дейди Сабрина Раупова. – Масалан, бугун мактабдан тўртта “беш” баҳо олиб келдим. Аям ҳам, дадам ҳам шунақа хурсанд бўлдиларки, мен янаям кўпроқ ўқишга ҳаракат қиламан энди. Лекин меҳрибонлик уйида бу нарсани ҳис қилолмасдим. Гўёки ҳеч кимга тегишли эмасдай, ўз ҳолимизча юргандай ҳис қилардик ўзимизни. Дадамиз ишдан келишини кутиш, насиҳатларини эшитиш, аям билан пишириқлар пишириш, меҳр билан овқат ейишимиз кераклигини айтишлари – буларнинг ҳаммаси жуда бошқача, биз биринчи марта ҳис қилган туйғулар.

 Оила – битта қўрғон

– Ота-она бу – жуфт сўз ва ҳар иккисининг меҳри бола учун сув ва ҳаводай зарур, –  дейди  Михаил Дюжников. – Биз оиламиз бўлишини жуда узоқ кутдик ва ниҳоят шу кунлар насиб этди. Тўғрисини айтаман, олдин ҳам бир оила фарзандликка олганди мени. Аммо онам, яъни мени фарзандликка олган аёл кўп ўтмай касалликка чалингач,  қарийб кўчада қолдим. Сарсон-саргардон, оч-наҳор кунларни бошимдан ўтказганман ўшанда. Кейин орадан вақт ўтиб, яхши инсонларнинг кўмагида яна меҳрибонлик уйига қайтиб келганман. Бундай синовли кунлар, тўғриси, оила ҳақда орзу қилишга ҳам йўл бермасди, аммо ич-ичимизда барибир оиламиз бўлади, бир дастурхон атрофида ўтириб, дадам, онам билан суҳбатлашиб ўтирамиз, деган ўйлар бўларди.

Президентимизнинг қарори билан ОИЛАли бўлганимиз ҳаётимиздаги энг катта қувонч! Бу бахтни оилаларда ўсаётган болалар тушунмаслиги, ҳис қилмаслиги мумкин. Аммо бугун биз ҳаётга умуман бошқача қарашни ўргандик.

Фақат савоб....

Дарвоқе, кўпчилик оила бошлиғи, вилоят “Асака” банк ходими Жаҳонгир Ҳусеновга болаларни олишдан сенга фойда қоладими, деб савол бераркан. Бу ҳақда айтиб бераркан, 43 ёшли  9 фарзанд отаси савоб учун қилинган ишим мен учун энг катта фойда, деб жавоб беради. Маълумот учун айтиш жоиз, у икки нафар фарзанди ҳужжатларини ҳозирча расмийлаштира олгани йўқ. Шунинг учун олти нафар болага бир ойда озиқ-овқати учун 6 миллион сўм, кийим-кечаги учун эса 2 миллион сўм олади, холос. Буларнинг ичида уларнинг саломатлиги ва бошқа кутилмаган харажатлар ҳам бўлишини ҳисобга оладиган бўлсак, оила бу болаларни фақат савоб учун тарбиялаётганига амин бўласиз.

Айни кунларда Самарқанд вилоятида 9 та худди шундай оилавий меҳрибонлик уйлари фаолият кўрсатади. Хусусан, Самарқанд шаҳрида учта, Паст Дарғом туманида иккита, Оқдарё, Самарқанд, Каттақўрғон, Пахтачи туманларида  биттадан худди шундай оилалар мавжуд. Уларда 51 нафар тарбияланувчи вояга етмоқда.

Гулруҳ Мўминова.

Тасвирчи: Бахтиёр Мустанов.