Абитуриент-2024: Тест синовларининг бешинчи куни Самарқандда жами 17 нафар абитуриент имтиҳондан четлатилди

Бугун, тест синовларининг бешинчи куни биринчи навбатигача бўлган ҳолатда Самарқанд вилоятида жами 29251 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этган бўлса, 2592 нафар абитуриент турли сабабларга кўра имтиҳонга келмаган.

Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Самарқанд вилояти бўлими Zarnews.uz’га хабар берди.

Тест синовлари бошланганидан шу кунга қадар 8 нафар абитуриент имтиҳонга киришда тақиқланган воситаларни олиб киришга уринганлиги, 6 нафари тест қоидаларини бузгани (материалларга шикаст етказган), 3 нафари тақиқланган воситаларни ишлатгани сабабли тест синовларидан четлатилган.

Шунингдек, бу йилги тест синовларида ўринга ўрин кириш ҳолатлари аниқланмаган.

Эслатиб ўтамиз: Абитуриентларнинг имтиҳон натижалари тест синовларининг эртаси куни эълон қилиняпти. Олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун бўлиб ўтаётган тест синовлари 25 июлгача давом этади.