Аҳолига сифатли транспорт хизмати кўрсата оласизми?
Вилоят транспорт бошқармасида "Шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро - вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташишни ташкил этиш ва очиқ тендерлар ўтказиш комиссияси" томонидан йўловчи ташиш йўналишлари бўйича тендер танловлари ўтказиб келинмоқда.
Охирги танловда 25 та йўналишли такси ва 19 та автобус йўналишларига биттадан, 6 та йўналишли такси ва 1 та автобус йўналишига 2 тадан талабгор ўз тендер таклифлари билан иштирок этиб, улар орасидан ғолиблар аниқланди.
Яқинда тендер комиссияси ишчи гуруҳи танловнинг ҳаққоний ўтганлигини ўрганиш мақсадида ғолиб бўлган бир нечта йўловчи ташиш корхоналари фаолияти билан танишди.
Тендер танловида 443-рақамли "Чайжовул - Лойиш - Шоҳи Зинда" йўналишли такси маршрутида ғолиб бўлган "Амирхон транс" МЧЖ ўрганилганда, тендерда кўзда тутилган 4 та микроавтобуснинг 2 тасини назоратдан ўтказиш учун тақдим қилди. Уларнинг бирида белгиланган ўриндиқлар сони қўлбола тарзда 2 тага оширилган. Шунингдек, автомобиллар салони ва ўриндиқлари ҳолати ҳам талабга жавоб бермайди. Йўналишга чиқиш олдидан автомобилларнинг техник, ҳайдовчиларнинг эса тиббий кўриклари белгиланган талаблар даражасида амалга оширилмаган. Назорат-техник пункти зарур даражада жиҳозланмаган.
Танловда 538-рақамли "Жом - Хўжа Аҳрор Вали" йўналишли такси маршрутида ғолиб чиққан Нуробод туманидаги "Ферузбек Санжар транс" МЧЖ ҳайдовчилари умумий масофаси 54,8 километрга йўлкира нархини 5200 сўм ўрнига 6000 сўм қилиб белгилаб қўйган. Бу эса ҳар бир йўловчи учун 1 километр масофага 95 сўм ўрнига 109 сўм ҳақ олинаётганини билдиради. Шунингдек, шу пайтгача ишлаб келган навбатчи механик И.Қурбонов корхонага расмий тарзда ишга қабул қилинмаган.
Ишчи гуруҳ Каттақўрғон туманидаги 15,1 километрлик 313-рақамли "Пайшанба - Кадан - Тасмачи" йўналишига даъвогарлик қилган "Алишер нур транс сервис" МЧЖда ҳам бир қатор техник камчиликлар борлигини аниқлади. Жумладан, тендер таклифларида йўлкира 1200 сўм деб кўрсатилган. Бироқ автобусларда йўл ҳақи 2500 сўм деб ёзилган.
Мавжуд иккита автобуснинг олд ойналари дарз кетган, шунингдек, корхонанинг техник назорат пункти керакли асбоб-анжомлар билан тўлиқ жиҳозланмаган. Механик журналида машиналарнинг келиш ва кетиш вақтлари, спидометр кўрсаткичлари қайд этилмаган. Ҳайдовчилар йўл ҳаракати хавфсизлиги, йўловчиларни ташиш, йўл белгилари тўғрисидаги тушунчалари бўйича суҳбатдан ўтказилиб, огоҳлантирилганлиги қайд этиладиган дафтар юритилмаган.
Ишчи гуруҳ ўрганишлари бўйича тақдим этилган ҳужжатларга асосан камчиликлар иштирокчилар тендер таклифларининг ҳаққонийлиги тасдиқланмаганлиги учун уларнинг айримларида қайта тендер танлови ўтказиладиган бўлди.
Қатор йиллар давомида тендерлар номигагина ўтказилди. Бирор бир йўналиш танловга қўйилса, ғолиб корхона автомашиналаридан ташқари яна юзлаб ноқонуний машиналар бу хизмат билан шуғулланди. Бироқ аҳолига намунали транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш мақсадида энди бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Аммо ҳамон айрим йўловчи ташувчи корхоналар тендерда иштирок этиш учун тайёргарлик кўрмасдан, фақат қоғоздагина барча шароитлар мавжуд деб ёзиб келмоқда. Аслида уларда на талабга жавоб берадиган техник база ва асбоб-ускуналар, на ҳайдовчилар учун етарли шарт-шароит бор.
Йўловчилар ҳар томонлама қулай, сифатли автотранспорт хизматидан фойдаланишни истайди. Буни шу соҳада меҳнат қилаётган корхона эгалари тушуниб етиши зарур.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.