АҚШда алоҳидалаш қоидаларига тўлиқ амал қилган аёл коронавирус инфекциясига чалинди. Нега?
Шимолий Каролинада истиқомат қилувчи Шарлотта Браммерт кўплаб америкаликлар сингари коронавирус инфекциясига чалинди. Бироқ қандай қилиб вирус унгача етиб келганини аёл тушунолмаяпти. Унинг сўзларига кўра, у уч ҳафтадан бери уйдан ташқарига чиқмай алоҳидалаш қоидаларига тўлиқ амал қилган.
Браммерт сўнгги марта март ойининг ўрталарида кўчага чиққан. Ўшанда у керакли дори воситаларини харид қилиш учун дорихонага борган. Лекин ўшандаёқ вирус юқтириб олишдан хавфсираган аёл эҳтиёткорлик билан харакат қилган. У ҳатто касаллик юқтириш хавфини камайтириш мақсадида эри билан алоҳида хоналарда яшашга келишиб олган.
Эр-хотинлар уч ҳафта мобайнида бир-бирини деярли кўрмаган. Жуфтлик бирнеча бор озиқ-овқат маҳсулотларига онлайн тарзда буюртма берган. Лекин етказувчи курьер билан иккаласи ҳам умуман мулоқот қилмаган.
Апрель ойида Шарлотта саломатлиги ёмонлашганини ҳис қилди ва COVID-19 инфекциясига тест топширди, унда касаллик аниқланди.
Кейинчалик Шарлотта бир маротаба озиқ-овқат маҳсулотлари етказувчи томонидан олиб келинганда, у маҳсулот солинган халталарни тиббий қўлқопсиз ушлаганини эслади. Кейинчалик ўша етказувчи касалланган бўлгани маълум бўлди.
- Менда ҳеч қачон бунақаси бўлмаган. Грипп билан ҳасталанганман, бироқ коронавирус бу грипп эмас. Бу умуман бошқача махлуқ, - деди Шарлотта New York Post нашрига берган интервьюсида.