Автобусларда 100 сўмдан уриб қолиш қачонгача давом этади?

Ҳавонинг иссиғида ҳам, совуғида ҳам автобусда юриш қийин. Айниқса, тик оёқда туриш тинкани қуритади. Илож қанча, ҳозир таксига берадиган 5 минг сўм пулга уч марта автобусга чиқса бўлади. Аммо бир сўм тежайман, деб автобусга чиқсангизу қайтим ололмасангиз алам қилади.

Яқинда бир аёл автобусдан тушаётган эди. Ҳайдовчи “Келаси сафар чиққанингизда 500 сўм кам берарсиз”, деб автобусни юргизди. Йўловчи эса 5 минг сўмлик пулига 3 минг сўм қайтим ва ҳайдовчидан зарда ҳам эшитиб олди. 

Мен йўл кира нархи ошибди-да, деб ўйладим. Манзилга етганда йўл кира нархи ўзгармаганини пайқадим ва ҳайдовчи доимгидек майдам йўқ, деб  менга яна 100 сўм қайтим бермади. Бу мавзуда жуда кўп гапирилади. Аммо нега буларга ҳеч ким чора кўрмайди?

Самарқандда илк бор автобусга чиққанимда йўл кира ҳақи 700 сўм эди. Ўшанда ҳам 1000 сўм берсак, 200 сўм олардик. Ҳозир ҳам аҳвол ўзгармаган. Автобус чиптаси 1400 сўм, чиптачи 500 сўм қайтим беради. 100 сўмдан уриб қолиш одатий ҳолга айланиб бўлди.

Бу арзимас пул деб ўйлашингиз мумкин, аммо ҳисоблаб чиқсам яхшигина пул бўлар экан. Масалан, бир кунда ўртача 4 марта автобусга чиқадиган кишига 100 сўмдан қайтим берилмаса, бу 400 сўм пул дегани. Бу ҳафтада 2800 сўм, бир ойда 12 минг сўм, йилига 146 минг сўм бўлади. Ахир автобусдан кунига юзлаб одам фойдаланади. Бу ҳолатга бефарқ қараб бўлмайди-ку!

Бобур ШАВКАТОВ.