Барча душманларим ўлди, душмансиз қолдим...
Рэй Брэдбери (ҳикоя)
Еттинчи саҳифада таъзиянома (некролог) бўларди: «Тимоти Салливан. Компьютер даҳоси. 77 ёш. Саратон. Норасмий хабарларга кўра дафн маросими Сакраменто шаҳрида бўлиб ўтади».
- Худойим! – бақириб юборди Уолтер Грипп. - Худойим, ҳаммаси тугади.
- Нима тугади? - сўрадим мен.
Энди яшашнинг қизиғи йўқ. Мана, ўқи. Уолтер газетани силкитди.
- Нима бўпти? Бемор экан, - ҳайрон бўлдим.
- Барча душманларим ўлди.
- Ҳамду санолар бўлсин! - Кулиб юбордим. – Бу бадбахтдан халос бўлишни қанчалар кутгансан ахир...
- Разил бадбахтни…
- Ҳа, майли разил бадбахтни. Хурсанд бўлмайсанми?
- Хурсанд бўлиш? Жин урсин. Энди яшашнинг ҳожати йўқ, қизиғи қолмади-ку, ахир нега тушунмайсан? Ҳеч қандай қизиғи йўқ!
- Нима деганинг бу?
- Сен тушунмайсан. Тим Салливан ҳақиқий аблаҳ эди. Мен бутун жоним, бутун борлиғим билан ундан нафратланардим.
- Хўш, энди-чи?
- Мени эшитмаяпсан чоғи. Унинг ўлими билан олов йўқолди. Уолтернинг юзи оқариб кетди.
- Олов деганинг нимаси, қанақа олов, жин урсин?!
- Аланга... кўксимдаги, қалбимдаги, кўнглим тубидаги чўғ... У туфайли ёниб турарди. Мени олдинга етакларди. Кечалари нафратдан бахтли бўлиб уйқуга кетганимни... эрталаб уйғониб, кун давомида уни кетма-кет ўлдиришим учун нонушта менга зарур бўлган куч беришини билишдан хурсанд эдим. У барисини барбод қилди, гулханимни сўндирди.
- У атайлаб шундай қилди дейсанми? Сени ғазаблантириш учун ўлдими?
- Шундоқ деса ҳам бўлади. Майли, наилож. Энди ётоққа кириб яраларимни тирнайман.
- Қўйсангчи йиғлоқиликни, ўтириб, шаробинги ич. Нима қиляпсан?
- Кўрмаяпсанми, устимни ёпаяпман. Балки бу менинг охирги кечамдир.
- Турсангчи, бу ғирт бемаънилик ахир...
- Ўлим бемаъни нарса, бирор бир инсульт кор этиб – қарабсанки, мен ҳам йўқман.
- Демак, у буни атайлаб қилган экан.
- Унга тўнкамайман. Шунчаки феълим ёмон. Ўликхонага қўнғироқ қил, уларда қандай қабр тошлари бор экан. Менга ҳеч қандай фаришталар суратларисиз, оддий тоштахта ҳам бўлаверади. Қаеққа кетаяпсан?
- Ташқарига, тоза ҳаводан нафас оламан.
- Қайтиб келганингда, мен бўлмай қолган бўламан.
- Бирор бир ақли расо одам билан гаплашиб олмагунимча чидаб турасан.
- Ким билан?
- Ўз-ўзим билан!
Ташқарига чиқиб бир пас қуёшда турдим.
«Бундай бўлиши мумкин эмас», - эътироз билдирдим ўзимга ўзим. Шошма-шошма, нима қилсам экан?»
«Мендан сўрама, - жавоб берди ички овозим. – У ўлса, биз ҳам ўламиз. Иш йўқ – пул ҳам йўқ. Мана бу нима, унинг ёзув дафтарчасими?”
«Айнан, ўша».
«Рўйхатларни қараб чиқ, балки бирорта тирик ва соғлом киши топилар».
«Хўш... Варақлай бошладим. А, Б, В, ҳаммаси ўлган!»
«Г,Д, Е, ва Ж.ларни кўриб чиқ!»
«Улар ҳам ўчирилган, демак ўлик!»
Китобчани ёпиб қўйдим.
У ҳақ: унинг дўстлари... душманлари… ҳаммаси... Бу ўликлар китоби-ку?!
«Жуда қизиқ бўлди-ю, бу ҳақда ёзиш керак».
«Худойим, қизиқ эмиш! Бошқа бирор нарса ўйлаб топсанг-чи»!
«Шошма. Айни дамда унга нисбатан қандай ҳис-туйғуларинг бор? Топдим! Томоша энди бошланади. Қайтдик!»
Эшикни очиб, бошимни ичкарига тиқиб олдим.
- Ҳалиям ўлаяпсанми?
- Сен нима деб ўйлагандинг?
- Қайсар эшак.
Хонага кириб, унинг тепасида туриб олдим.
- Овозимни ўчиришимни хоҳлайсанми? – сўради Уолтер.
- Сен эшак эмас, жаҳлдор, қашанг от экансан. Бир пас сабр қил, ҳаммасини бирданига тўкиб ташлашим учун фикрларимни йиғиб олишим керак.
- Кутяпман… деди Уолтер.. – Тезроқ бўл, мен кетиб қолишим мумкин.
- Қанийди, шундоқ бўлса эди... Бўлмаса эшит!
- Гапир дўстим.
- Йўқ, Мен сенинг дўстинг эмасман.
- Қўйсангчи, шу гапларингни, биродар! - деди у жилмайиб.
- Ўлиш арафасида экансан, мен тан олишим керак.
- Аслида мен истиғфор қилишим керак.
- Мен бошлай қолай.
Уолтер кўзларини юмиб, жим бўлиб қолди.
- Эсингдами, 1969 йилда нақд пул тақчил бўлган пайтлар эди, сен йўқолган пулларингни Сэм Уиллис ўзи билан Мексикага олиб кетди, деб ўйлагандинг?
- Албатта Сэм, яна ким ҳам бўларди?
- Йўқ, пулларни мен ўмаргандим.
- Қанақасига?
- Шунақасига, - дедим мен. – Бу менинг ишим эди. Сэм бир ойимча билан қочиб кетганди. Мен эса пулларни чўнтагимга солиб, ҳамма нарсани унга тўнкарган эдим.
- Ўтган ишга салавот, бу унчалик катта гуноҳ эмас, деди Уолтер. – Сени кечирдим.
- Бу ҳали ҳаммаси эмас.
- Хўш, - деди Уолтер яна жилмайиб.
- Эллик саккизинчи йил... мактабдаги битирув кечасини эслайсанми?
- Ҳа, Мери Жейн Карузо билан рақсга тушмоқчи бўлганим...
- У билан рақсга тушишинг мумкин эди. Мен унга сенинг бошқа аёллар билан “қаҳрамонлик”ларинг тўғрисида ҳар хил рост-ёлғон гапларни айтгандим.
Уолтер менга ялт этиб қаради-да, кейин нигоҳини узди.
- Майли, ёшликда нималар бўлмайди дейсан. Бўлдими?
- Йўқ, ҳали.
- Вой, худойим! Жуда қизиқ. Ҳа, майли тўкиб соч энди.
- Генриетта Жорданни-чи, эслай оласанми?
- Албатта, Генриетта гўзал қиз. Биз у билан бирга ажойиб ёзни ўтказган эдик.
- Ажойиб ёзинг мен туфайли тугаган эди.
- Нима?!
- У сени ташлаб кетди, шундай эмасми? Онаси ўлаётгани ва у онаси ёнида бўлиши кераклигини айтганмиди?
- Генриеттани ҳам йўлдан оздирган сенмидинг?
- Шундай. Хўш.. кейингиси: «Айронворкс» акцияларини зарарга сотишга мажбур қилганим эсингдами? Бир ҳафтадан кейин баҳоси ўса бошлаганида уларни ўзим сотиб олгандим.
- Ҳа, майли, бу унчалик қўрқинчли эмас, - деди Уолтер сабр билан.
- Кейингиси.. хўш... Хотининг! Биз у билан сенга хиёнат қилдик.
- Хиёнат?
- Ҳа, энди...
- Оғзингни ёп!
Уолтер жаҳл билан адёлни маҳкам ушлади.
- Ёлғон, мен бу ҳақда билган бўлардим!
- Унинг Провансдаги вино сафарини эслайсанми?
- Албатта.
- Ўшанда у Парижда менинг гольф пойабзалимдан шампан ичаётган эди.
- Гольф пойабзалидан?
- Ҳа, Париж бизнинг гольф клубимиз эди. Биз эса жаҳон чемпиони... Кейин Марокаш... кейин...
- У ҳеч қачон у ерларда бўлмаган!
- Бўлганда қандоқ ва жуда кўп маротаба. Рим, Токио, Стокгольм!
- Лекин унинг ота-онаси швед эди.
- Унга Нобель мукофотини ҳам мен топширганман. Брюссель, Москва, Шанҳай, Бостон, Коҳира, Осло, Денвер, Дейтон!
- Бас қил, Худойим, бас қилсангчи!
Гапиришдан тўхтаб, худди эски фильмлардагидек, дераза олдига бориб, сигарета тутатдим. Уолтернинг пиқиллаб йиғлаётгани эшитилди. Ўгирилиб қарасам, у оёқларини кроватда осганча ўтирар, кўз ёшлари эса ерга томиб турарди.
- Ярамас! - пиқиллади у.
- Ҳа.
- Аблаҳ!
- Шундай.
- Жирканч махлуқ!
- Ростданми?
- Энг яхши дўстим. Сени ўлдираман!
- Агар қўлга ололсанг.
- Кейин тирилтираман ва яна ўлдираман!
- Нима қиляпсан?
- Жойимдан тураяпман, жин урсин! Қани бу ерга келчи!
- Бекор айтибсан, - эшикни очиб, ташқарига қарадим. – Хайр.
- Бунга ҳатто йиллар кетса ҳам, сени барибир ўлдираман.
- Жуда кулгили, йиллар эмиш!
- Ҳатто 100 йиллар керак бўлса ҳам...
- 100 йиллар. Ажойиб!
- Тўхта, лаънати!
Уолтер гандираклаб ёнимга келди.
- Итвачча!
- Айнан!
- Аблаҳ!
- Ҳамду санолар... Энди ўзингга ўхшаяпсан. Янги йилинг муборак!
- Нима, қанақа янги йил, бадбахт?
- Саломат бўлгин! Бугунгача сен учун ким эдим?
- Дўстим.
- Ҳа, дўстинг терапевт ҳазилини қўллади.
- Итвачча, - деб бақирди Уолтер.
- Тўппа тўғри, унинг ўзгинасиман!
Эшикдан югуриб чиқдим ва жилмайдим.
- Ўзгинаси!
Эшик орқамдан тарақлаб ёпилди.
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.